Линклар

logo-print

“Катта”нинг кетларни “табаррук” қиладиган оёғи бор

  • Сарвар Усмон

“Озодлик” радиоси Ўзбекистонда 23 декабрга белгиланган президент сайловига номзоди расман кўрсатилган шахслар портретига баъзи чизгилар билан таништиришни бошлайди.

Ҳеч ким танимайдиган одам тўғрисида ҳам, ҳамма таниган одам тўғрисида ҳам гапириш қийин. Бугунги қаҳрамон ҳамма таниганлардан. У киши роппа-роса 2 ойу 25 кундан кейин 70га киради. Яъни маҳаллий қонунларга биноан бир неча йилдан буён пенсия олиб, кўк чойни ўгириб чойхонада ўтирадиган ёшда.

Турли издиҳомларда халққа берадиган ўгитларига қараганда ҳам у рисоладагидай бир ўзбек оқсоқоли.

Президент Ислом Каримов тўғрисида Ўзбекистонда 16 йилдан буён ҳамма гап айтиб бўлинган.

Лекин совет давридан қолган таомилга кўра, киши давлат тепасида турган пайтда айтилган гаплар ҳамма гап эмас бўлиб чиқади. Амалдан кетганидан сўнг бошқа гаплар айтилади. Демак, И.Каримов тўғрисида шу кунда айтилаётган гаплар ҳам ҳамма гап эмас. Шунинг учун унинг портретига бугун қўшиладиган чизгилар янги муддатга келаётган киши тўғрисида тўлароқ тасаввур берса, ажаб эмас.

Туркманистон ҳукуматининг собиқ аъзоси Худойберди Ўрозов И.Каримов билан шахсан учрашган ва у тўғрисида ўз тасаввурларини шакллантириб олганлардан бири.

“Каримов билан Тошкентда, Ашхободда, Чоржўйда учрашганман. У шуҳратпараст, ички маданиятида ноқисликлар мавжуд шафқатсиз одам”,- дейди Х.Ўрозов.

Х.Ўрозов ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида бўлиб ўтган ўзбек-туркман музокараларида И.Каримовнинг чегара масаласида қаттиқ туриб олганини, чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳолига қийин бўлишини тушунишни истамаганини эслади.

Туркманистон ҳукуматининг собиқ аъзоси Ўзбекистон президентига таъриф берар экан, янаям унинг ҳурматини қилиб, ўзини тияётгани, агар Сапармурод Ниёзов тўғрисида гап кетганида янаям қўполроқ сўзларни ишлатган бўлишини билдирди.

Ўзбекистонлик Исмоил Дадажонов ҳам Ислом Каримов билан 90-йиллар бошларида кўзи кўзига тушиб гаплашганлардан.

“90-йиллар бошларидаги Каримов ҳозирги Каримов эмас. Ўша пайтларда шахсан менинг кўзимга ўта ширинсўз, мулозаматли одам бўлиб кўринган эди. Ҳатто ўзидан кичикка ҳам ака, деб мурожаат қилар эди. Суҳбатдошини охиригача тинглашга ҳаракат қиларди. Ҳозирги Каримовнинг дастлабки йиллардагисидан фарқи жуда катта”,- дейди И.Дадажонов.

Унинг сўзларига кўра, бунга, асосан, унинг атрофидаги муҳит, атрофидаги кадрлар сабабчидир. Ўша пайтда у бир марта алдагандир, эндиликда халқни тўғридан-тўғри алдаш йўлига ўтиб олган.

И.Дадажонов И.Каримовни атрофидаги муҳит бузди, деган фикрни таъкидлар экан, у киши билан боғлиқ яна бир воқеани ҳикоя қилиб берди.

“Фарғонадаги адолатсизликларга чидамай, Тошкентга арз қилиб борганимиз эсимда. Ўшанда биз президент девонига таклиф қилиндик. Бизни ўша даврдаги давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов қабул қилиши керак эди. Кириб кетаётганимизда биз коридорда президент ёрдамчисини кўриб қолдик. У ҳозиргина президент билан лифтда учрашиб қолгани, давлат раҳбари онангни фалон қилай, деб ўзининг кетига бир тепганини хурсандчилик билан айтиб берди”,- дейди И.Дадажонов.

Унинг таъкидлашича, бу гапни шахсан эшитган, ёнида яна икки киши ҳам бўлган.

“Бу гапдан сўнг: “Каттанинг оёғи теккан бўлса, кетингиз табаррук бўлибди, уни эҳтиёт қилинг”, деб ҳазиллашган эдик”,- деди И.Дадажонов.
XS
SM
MD
LG