Линклар

Большевиклар инқилоби ўз аҳамиятини йўқотди

  • Ҳасанжон

Бундан 90 йил муқаддам, яъни ҳозирги ҳисоб билан 1917 йилнинг 7 ноябрида большевиклар Петрограддаги Қишки саройни штурм қилиб, ҳокимиятни расман қўлга олган эди.

7 ноябрь ўн йиллар мобайнида Совет Иттифоқи календарида қизил рангда ёзиб келинди. 1917 йилги большевиклар инқилоби мислсиз парадлар ва намойишлар уюштириш билан нишонланарди. Айниқса, 1957 йилда Ернинг илк сунъий йўлдоши “Спутник” фазога учирилганидан бир ой кейин СССР раҳбари Никита Хрушчёв инқилобнинг 40 йиллигини катта дабдаба билан байрам қилганди.

Ўн йил ўтиб, Юлий календари бўйича 25 октябрда амалга оширилган инқилоб куни яна катта тараддуд билан ўтказилди. Минглаб меҳнаткашлар қизил байроқ ҳилпиратиб парадларда юриш қилди. Октябрь инқилобининг 50 йиллиги муносабати билан 100 миллион дона танга зарб этилди. Москванинг Қизил майдонидаги парад биринчи марта ойнаи жаҳон орқали жонли равишда рангли тасвирда намойиш қилинди.

Бироқ тарихчи ва жамиятшунос Леонид Седовнинг таъкидлашича, дабдабали тантаналар одамлар ҳафсаласи пир бўлганини яшира олмаган.

“Болалигимизда биз Қизил майдондаги намойишни томоша қилиш ва мавзолейда ётган Сталинни бориб кўриб хурсанд бўлишимиз мумкин эди. 60-йилларда одамларнинг инқилоб ва большевикларга муносабати ўзгара бошлади. Инқилоб ғоялари амалга ошмагани ўшанда ойдек равшан бўлган эди”, – дейди россиялик тарихчи.

Никита Хрушёв ўрнини эгаллаган Леонид Брежнев Октябрь инқилобининг 60 йиллик юбилейидан бир ой олдин СССРнинг янги конституциясини қабул қилиш орқали байрам аҳамиятини кўтаришга уринди.

“Шу кунларда совет халқи, барча давлатлардаги коммунистлар, барча пешқадам инсоният улуғ байрамни нишонлаяпти. 60 йил муқаддам Россия ишчи ва деҳқонлари Ленин партияси бошчилигида капиталист ва помешчиклар ҳокимиятини ағдарди. Дунё тарихида биринчи марта социалистик инқилоб ғалаба қозонди”, – деганди Леонид Брежнев.

Октябрь инқилоби қатнашчиларининг аксари ўлиб кетгандан сўнг Л.Брежнев даврида юзага келган турғунлик ва қатағон сиёсати большевиклар инқилоби ғояларига бўлган ишончга яна путур етказди. 1977 йилда ривожланган социализм даври бошланганини эълон қилган Леонид Брежнев мамлакатдаги вазиятдан яхши хабардор эди.

Россиялик етакчи тарихчи олим Владимир Булдаков ўша пайтданоқ 7 ноябрь секин-аста ўзининг ғоявий маъносини йўқота бошлаганини айтади.

“ Унинг ғоявий маъноси йўқолиб оддий байрамга айланди. Қизил майдонда уюштириладиган парад ҳамда партия ва халқ бирлиги маросими бу байрам асосини ташкил этди. Намойишларга одамлар мажбурлаб жўнатилди. Октябрь инқилоби ғоялари аксар аҳолини умуман қизиқтирмас эди. Шу куни одамлар телевизор томоша қилиб стол атрофида ичиш ва тамадди қилишни ўзига одат қилган”, – дейди В.Булдаков.

Ўн йил ўтиб, Михаил Горбачёв ташаббуси билан бошланган “қайта қуриш” жараёни давом этаётган ва Совет Иттифоқи парчаланиш арафасида бўлган даврда Октябрь инқилоби санасини нишонлаш ўз-ўзини алдашдан бошқа нарса эмас эди.

Совет Иттифоқи 1991 йилда парчаланишдан олдин унинг халқлари Октябрь инқилобига бағишлаб Қизил майдонда уюштирилган яна тўртта парадни кўрди. Янги ташкил этилган Россия Федерациясида 7 ноябрь байрами дарҳол бекор қилинмади. Ҳукумат байрам номини ўзгартириб, тантаналар кўламини камайтирди.

2005 йил ноябрда Россия президенти Владимир Путин 7 ноябрь байрамини тўсатдан бекор қилиб, ўрнига 4 ноябрни Халқ бирлиги куни сифатида нишонлаш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Энди бу байрам 1612 йилда польяк қўшинлари Москвадан қувиб чиқарилган сана сифатида ҳар йили нишонланади.

Бу йил Россия коммунистик партияси йўлбошчиси Геннадий Зюганов Октябрь инқилобининг 90 йиллиги муносабати билан Москвада 50 минг кишилик намойиш ўтказилишини маълум қилган.

10 йилдан кейин Улуғ октябрь социалистик инқилобининг 100 йиллиги нишонланадими?

Тарихчи В.Булдаков фикрича, бу сана, албатта, нишонланади.

“Агар биз инқилобни тушунмасак, Россиянинг инқилобдан олдинги ва кейинги тарихини ҳам тушуна олмаймиз”, - дейди Владимир Булдаков.
XS
SM
MD
LG