Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:12

Каримов номзодини президентликка кўрсатиш навбати либералларга етди


Ўзбекистон либерал демократик партиясининг Тошкентда ўтган қурултойида бўлажак президент сайловига мазкур партиядан амалдаги президент Ислом Каримов номзодини кўрсатишга қарор қилинди.

Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назарини ифодаловчи “Пресс.уз.инфо” ахборот сайтининг ëзишича, қурултойда Ислом Каримов қатнашиб, маъруза қилган.

“Озодлик” мухбири ЎзЛДП вакилларидан партия И.Каримов номзодини қайси ҳуқуқий асосда яна президентликка кўрсатди-ю, И.Каримовнинг ўзи бундай таклифни қайси ҳуқуқий асосда қабул қилганига оид саволларга жавоб ололмади.

Шунинг учун “Озодлик” бу борада мухолифат, мустақил кузатувчилар ва оддий ўзбекистонликлар фикрини ўрганишга ҳаракат қилди.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ бу воқеанинг кутилмаган жиҳати йўқлиги, И.Каримов ҳокимиятда қолиш учун ҳамма нарсага тайëрлиги кўп йиллардан бери аëнлигини айтади.

“Каримов тирик бўлса, яна 7 йилга сайланади, 7 йилдан кейин яна тирик қолса, яна 7 йилга сайланади. Бунга ҳеч шубҳам йўқ ва Каримов ҳокимиятдан ҳеч қачон ўз хоҳиши билан кетмайди. Каримовнинг режими ўзини йўқ қилиш учун, ўзининг илдизига болта уриш учун бугунги кунга қадар барча ҳаракатларни қилди. Лекин халқнинг кўзига қараб туриб, ҳеч уялмасдан, мана 18 йил устингиздан президентлик қилдим, истасам яна 7 йил президентлик қиламан, дейиш бир ғаламислик, бир фитнадир аслида, сайлов эмас. Халқнинг сабр-тоқатини синаб кўриш учун қилинаëтган бир фитна бу”,- дейди Муҳаммад Солиҳ.

Мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов И.Каримовнинг яна бир бор ўз номзодини президентликка қўйиши Ўзбекистон конституцияси ва қонунларини қўпол равишда бузиш эканини таъкидлади.

“И.Каримовнинг ўз номзодини яна бир бор президентликка қўйишга қонунан ҳаққи йўқ. Жамоатчилик томонидан бу сайлов тан олинмайди ва бу ҳаракат Ўзбекистондаги ҳукумат назорат қилаëтган қонунлар доирасидан ҳам ташқаридир”,- деди К.Раббимов.

Шоира ва мухолифат вакиласи Дилором Исҳоқова сўзларига кўра, кўп йиллардан бери президент курсисида ўтирган одамни яна етти йилга президент қилиб қолдиришга уринишнинг аксилқонунийлигини нафақат хориж кузатувчилари, мустақил шарҳловчи ва мухолифатчилар, балки режим тепасидагилар ҳам, оддий халқ ҳам кўриб-билиб турибди.

“Аммо халқ қон-қонига сингиб кетган мутелик ва қўрқув бунга бирор эътироз билдиришга йўл бермайди. Биз ҳамма нарсага кўз юмадиган халқ, жамият эканимизни айтишга мажбурман. Биз ҳамма нарсани биламиз, аммо чидаймиз. Каримовнинг ўз номзодини қўйишиниям индамай қабул қиламиз. 23 декабрь куни сайлов бўлади ва у яна президент бўлади. Ҳозирдан ҳаммамиз чапак чалиб, хат ëзиб, И.Каримов президент бўлиши, унда бошқа ҳеч ким керак эмаслигини айтиб ётибмиз”,- дейди Дилором Исҳоқова.

Гарчи бугун ўзини оғир иқтисодий-ижтимоий, сиëсий-маънавий бўҳронга ташлаган асосий сабаб айнан И.Каримов давридаги сиëсат эканини англаса-да, аксар ўзбекистонликлар сайлов номи билан ўтаëтган театрлаштирилган томошага сўзсиз томошабин бўлиб туришни афзал билади. Жасорати етганлар эса И.Каримовга овоз бермаслик ëки сайловда қатнашмасликка қарор қилгани, бошқаларни ҳам шунга ундашини айтади “Озодлик”ка.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари эса “Ўзбекистонни Ислом Каримов Ўзбекистон қилди, Каримовсиз Ўзбекистон Ўзбекистон эмас” қабилидаги сайловолди кампанияси қаймоғини ташиëтганларни кўз-кўз қилишни янги поғонага кўтаргани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG