Линклар

Курдлар Қозоғистонда ҳам қийин аҳволда қолди


Жанубий Қозоғистондаги Маятас посёлкасида курд ўсмирнинг қозоқ миллатига мансуб ёш болани зўрлагани оқибатида бу икки миллат вакиллари ўртасида жиддий этник можаро содир бўлди.

Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Қоракўзова бу воқеа безорилик оқибатида юз берганини таъкидлар экан, айни пайтда Маятас посёлкасига ички ишлар ходимларининг 500 кишилик отряди жўнатилганини билдирди.

“Маятасдаги низо безори гуруҳ қилмиши оқибатида келиб чиққан. Посёлкада содир бўлган тартибсизлик оқибатида полицияга қаршилик кўрсатган 2 киши қўлга олинди, қолганлари қидирувда”,- деди С.Қоракўзова.

Унинг маълум қилишича, 20 октябрь куни 16 ёшли курд ўсмир 4 ёшли қозоқ йигитчани зўрлаган. Бунга болакайнинг онаси гувоҳ бўлган. Боланинг отаси ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилгандан сўнг курд ўсмир ҳибсга олинган.

“Тегишли идоралар, Маятасдаги курд ва қозоқ оқсоқоллари билан ўзаро маслаҳатлашувдан сўнг курд ўсмирнинг оила аъзоларини маълум муддат посёлкадан кўчириб юборишга келишилган. Аммо белгиланган муддат ўтганига қарамай, қамоқдаги курд ўсмирнинг оиласи бошқа жойга кўчиб кетмаган. Оқибатда посёлкада 10-15 машинада келган кишилар курд ўсмир яшаган уй, бу уй олдида турган “Камаз” автомобили ва яна бир уйга ўт қўйган”,- деди С.Қоракўзова.

У мазкур этник низо содир бўлган туманда 3 мингга яқин курд истиқомат қилиши ва Жанубий Қозоғистонда этник курдлар яшайдиган 7 та посёлка ҳозиргача ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўриқланаётганини қўшимча қилди.

Сўнгги қисқа муддатда Қозоғистонда, юқоридаги воқеани ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бешта жиддий этник можаро юз берди. Ўтган йил декабрда Олмаота вилоятининг Казатком посёлкасида қозоқлар ва чеченлар, жорий йил март ойида Чилик посёлкасида уйғурлар ва қозоқлар, Манғишлоқ ярим оролида қозоғистонлик ва турк ишчилари ўртасида жиддий можаролар бўлиб ўтганди. Оқтов шаҳрида эса осетинларга тегишли корхоналар маҳаллий аҳоли томонидан вайрон этилганди.
XS
SM
MD
LG