Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:25

Конституция оддий фуқаролар ҳуқуқларини кафолатламаяпти


Тожикистонда Конституция куни нишонланди. Мамлакат аҳли ҳуқуқлари ҳимоя этилишини кафолатловчи асосий ҳужжат бундан 13 йил илгари қабул қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида икки маротаба айрим ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилди.

Конституцияда “ҳар бир инсоннинг фаровон яшаши, эркин ривожланиши учун шароит яратиб берилиши, давлат инсон ва фуқаролар ҳуқуқларини эътироф этиши ва ҳимоялаши” белгилаб қўйилган.

Бироқ кузатувчилар мамлакатда конституциянинг бу талаблари тўлиқ бажарилмаётганини эътироф этмоқда. Жумладан, тожикистонликларнинг катта қисми қашшоқликда ҳаёт кечиради. Кишилар тирикчилик ташвишида ҳатто дам олиш кунлари, жумладан, Конституция кунида ҳам елиб-югуриб ишламоқда.

Конституцияда давлат мамлакатнинг барча фуқароларига бепул умумий таълимни кафолатлаши айтилади. Аммо ўрта мактаблардан бирининг ўқитувчиси ўзбек, рус каби этник озчиликлар олий ўқув юртларига фақат пуллик таълим олиши, давлат тилини яхши билмаслик сабабли олий маълумот ололмаётганини билдирди.

Конституцияда фуқароларнинг диний эркинликлари ҳам кафолатланади. Бироқ сўнгги вақтларда давлат қонунчилик органлари ва айрим вазирликлар томонидан қабул қилинган қарорлар бу эркинликларни бўғиб қўяётгани жамоатчиликни ташвишга солаётир.

Масалан, олий ўқув юртларига ҳижобда келишга тақиқ қўйилди. Ҳатто ҳижобини ечмасликка қарор қилган талаба қиз Давлатмоҳ Исмоилова университетдан ҳайдалди. Ўз ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраб судга мурожаат қилган Давлатмоҳ жиддий тўсиқларга дуч келди.

Шу билан бирга, тожик жамиятида катта нуфузга эга бўлган мусулмон уламоларидан айримларининг катта йиғинларда амри маъруф қилиши тақиқланди, уларнинг маърузалари ёзилган кассеталар ва дисклар савдодан олиб қўйилди.

Конституцияда хусусий мулк дахлсизлиги белгилаб қўйилган бўлса-да, турли баҳоналар билан юзлаб кишилар уй-жойидан маҳрум қилиняпти. Масалан, Рудакий туманидаги Зайнабобод қишлоқ кенгаши ҳудудидаги 400дан ортиқ хонадон ер ҳужжатларига эга бўлишига қарамай, айни шундай муаммоларга дуч келди. Улардан ўн оиланинг уй-жойи эса туман ҳокимлиги ходимлари томонидан бузиб ташланди.

Кузатувчилар мамлакатда конституция талабларини бузишга доир бундай маълумотларни юзлаб, минглаб келтирса бўлишини айтмоқда.

Тожикистон конституцияси 1994 йилнинг 6 ноябрида қабул қилинган бўлиб, 1999 йил 26 сентябрь ва 2003 йил 22 июнда умумхалқ сўровлари ўтказиш йўли билан унга қўшимча ва ўзгартишлар киритилган.
XS
SM
MD
LG