Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:19

Экологияга оид хабарлар


АҚШнинг Массачусетс штати губернатори ва парламент аъзолари глобал иқлим исишига сабаб бўлаётган ис газини атмосферага чиқаришни камайтириш мақсадида ширкатлардан уйларни иситишда фойдаланиладиган ёқилғига имкон қадар кўп миқдорда биологик ёнилғи аралаштиришни талаб қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Ҳужжатда ёқилғига этанол қўшиб сотган ширкатлардан камроқ солиқ олиш назарда тутилган.

Ҳозир Миннесота ва Айова штатлари биологик ёнилғи ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш бўйича АҚШда пешқадамлик қилмоқда. Ўтган йили Нью-Йорк раҳбарлари биологик ёнилғидан фойдаланишни назарда тутган 20 миллион долларлик дастур ишлаб чиқилганини эълон қилган эди.

*** *** ***

Яқин йилларда Хитой шамол кучидан фойдаланиш бўйича дунёдаги етакчи давлатга айланади. Мутахассислар фикрича, Хитойнинг шимолий қисмидаги чўл ҳудудларида тинмай эсадиган шамол атмосферага чиқарилаётган ис гази миқдорини камайтиришда ёрдам бериши мумкин.

Икки йил олдин шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича ўнинчи ўринда бўлган Хитой 2007 йилда АҚШ, Германия, Ҳиндистон ва Испаниядан кейин бешинчи ўринга кўтарилди. Саноати шиддат билан ривожланаётган Хитойнинг 2008 йилда бу соҳада АҚШдан кейин иккинчи ўринга чиқиши кутилмоқда.

*** *** ***

Мутахассислар глобал илиқлашув иқлим билан алоқадор касалликлар, айниқса, ҳашаротлар ва сув орқали юқадиган касалликлар кўпайишига сабаб бўлиши мумкинлигини билдирмоқда. Висконсин университети ходими Жонатан Пац ҳавога энг кўп зарарли газ чиқараётган АҚШ бунинг учун алоҳида масъулиятга эга эканини айтди.

Доктор Жорж Бенямин эса иқлим ўзгариши АҚШ аҳолиси саломатлигига энг жиддий таҳдид эканини маълум қилди.

*** *** ***

Хитойнинг Хенан вилояти суди йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган оққушни ўлдирган ва сотиб юборган фуқарони 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. 42 ёшли Жао Найшун куз фаслида Янцзе дарёсида 37 та оққушни заҳарлаганлик ва бошқа ҳудудда яшовчи фермерга 20 доллардан сотиб юборганликда айбдор топилди. У яна 40 минг юань, яъни 5370 долларлик жаримага тортилди.

“Синхуа” ахборот агентлиги хабарига кўра, май ойида оққушларни овлаб, унинг гўштини сотган фермер ҳам қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Йўқолиб бораётган ҳайвон ва паррандаларни ҳимоя қилиш Хитойда долзарб масала ҳисобланмас эди. Бироқ сўнгги йилларда Пекин ҳукумати панда, йўлбарс каби ҳайвонлар ва қушларнинг йўқолиш хавфи остидаги айрим турларини сақлаб қолиш масаласига жиддий эътибор қаратмоқда.

*** *** ***

Ўзбекистонда ҳам йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвон ва қушлар бор. Улар маҳаллий “Қизил китоб”га киритилган. Бундай турларни сақлаб қолиш учун нафақат ҳукумат, балки халқаро ташкилотлар томонидан ҳам чоралар кўриляпти.

Хусусан, Ёввойи табиат халқаро жамғармаси Марказий Осиёнинг турли минтақаларида 20-аср ўрталаригача яшаган, ҳозирда йўқ бўлиш таҳдидига учраган бухоро кийигини сақлаб қолиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Ўзбекистоннинг Зарафшон қўриқхонасида кўпайтирилган бир гуруҳ кийик яқинда ёввойи табиат қўйнига қўйиб юборилди. Бу иш халқаро жамғарманинг Марказий Осиё лойиҳаси томонидан амалга оширилди.

Лойиҳа директори Ольга Переладованинг айтишича, Зарафшон водийсида яқин вақтларгача кийиклар анчагина бўлган. 10 йил аввал бухоро кийигини Амударё ўтлоқларида ҳам учратиш мумкин эди.

“Аммо дарё сувининг тошиши, баъзан қурғоқчилик туфайли пода орасида турли касаллик тарқалиш хавфи пайдо бўлди. Сув тошган пайтда эса кийиклар тепа ҳудудларга чиқса, браконьерлар ўлжасига айланиши хавфи пайдо бўлди. Бухоро кийигини сақлаб қолиш учун улар Амударё ўтлоқларидан ташқарида яшаши керак эди. Зарафшон бухоро кийиклари олдин яшаган ҳудудлардан бири бўлгани учун биз уларни ўша жойда кўпайтиришга қарор қилдик”, – дейди Ёввойи табиат халқаро жамғармаси вакиласи.

Ҳозир бухоро кийиги ташкилот лойиҳаси доирасида Марказий Осиёнинг уч минтақаси, хусусан, Қозоғистондаги иккита ва Ўзбекистондаги Зарафшон қўриқхонасида кўпайтирилиб, 20-аср ўрталаригача ўзлари яшаган минтақаларга қўйиб юбориляпти.

“Сўнгги икки йил ичида табиатга қўйиб юборилган кийикларнинг биринчи гуруҳи муҳитга яхши мослашди, ҳатто табиий равишда кўпая бошлади. Улар маҳаллий ҳудудни яхши ўзлаштиряпти. Ўтказилган тадқиқот натижалари парвариш остида кўпайтирилган бухоро кийикларини табиатга қўйиб юбориш мумкинлигини кўрсатди ”, – деди Ольга Переладова.

Унинг айтишича, 1999 йилда бу лойиҳани амалга ошириш бошланган пайтда минтақада атиги 350–400 бош бухоро кийиги бўлган. 2006 йилда эса Марказий Осиёдаги бухоро кийиги сони мингга етган.
XS
SM
MD
LG