Линклар

Саакашвили намойишни куч билан бостирди

  • Сарвар Усмон

7 ноябрь куни Грузия полицияси мухолифатнинг 6 кундан буён давом этаётган норозилик намойишини тарқатиш учун куч ишлатишни бошлади. Тбилиси марказидаги Руставели майдонидан намойишчиларни сиқиб чиқаришга бир неча соат кетди.

Парламент биноси олдида тўпланган норозиларнинг кичик гуруҳи полиция кучларининг биринчи нишони бўлди. Резина тўқмоқлар билан қуролланган полициячилар юзга яқин намойишчини, жумладан, очлик эълон қилган 10 кишини тарқатиш учун эрта тонгдан ҳаракат бошлади. Натижада икки ўртада муштлашув юз берди. Телевидениелар полиция мазкур воқеани суратга олишга тўсқинлик қилгани тўғрисида хабар берди.

Тбилиси шаҳри ҳокими Гиги Угулава 7 ноябрь куни эрталаб ўтказилган қисқа матбуот анжуманида шаҳар маъмурияти пойтахт марказини намойишчилардан тозалаш учун керакли чоралар кўришини маълум қилганди.

“Мен норозилик билдираётганларнинг бугундан бошлаб Тбилисини чодирлар шаҳрига айлантирамиз, деб мақтанганини телевизордан уқдим ва биз бунга йўл қўймасликка қарор қилдик. Чунки буни биздан қонун талаб қилади ва биринчи навбатда бу ҳар бир фуқаро манфаатига ётадиган ишдир. Фуқароларимиз эса ўз шаҳри, ўз мамлакати яна бир бор чодирлар, машина ғилдираклари ҳамда ухлайдиган қоплар юртига айланмаслигини хоҳлашга ҳақлидир”,- деди Тбилиси шаҳри ҳокими.

Хўш, Грузияда нима бўляпти ўзи? Юз бераётган воқеалар навбатдаги инқилобми ёки аксилинқилобми?

Шу ва шунга ўхшаш саволларга “Озодлик” радиоси грузин хизмати ходими Окропир Рухадзе жавоб қайтарди.

Мухбир: Михаил Саакашвилининг ўзи ҳокимият тепасига Тбилисида 6 кундан буён давом этаётган митингларга ўхшаш митинглар ёрдамида келган эди. Энди унинг ўзи норозиларни куч ишлатиб тарқатмоқда. Президентнинг бундай тоқатсизлигини қандай тушуниш керак?

О.Рухадзе: Мухолифатчилардан кимдир бутун шаҳарни чодирлар шаҳрига айлантириш ҳақида баёнот берган ва менимча, айнан шу чақириқ маъмурларга ёқмаганга ўхшайди. Ортда қолган 6 кун ичида бугунгидан ҳам кўпроқ одам йиғилган кунлар бўлган ва полиция ўзини яхши тутган эди. Баъзилар очлик эълон қилиб, чодирларда ётиб олганидан кейин, афтидан, маъмурлар бунга йўл қўйиб бўлмайди, деган фикрга келганга ўхшайди.

Мухбир: Президент Саакашвили қандай хатога йўл қўйди? Нима учун у бу қадар кескин чоралар қўллашга ўтди?

О.Рухадзе: Муаммо мухолифатнинг давлат қурилишида иштирок этиш имконияти йўқлигида. Сиёсатчи бўлсангиз-у, сизнинг фикрингизни (бу фикр тўғрими-йўқми, бошқа масала) ҳокимият тепасидагилар сариқ чақага олмаса, боши берк кўчага кириб қоласиз. Балки мана шу ҳолат билан тушунтириш мумкиндир мухолифатнинг шунча одамни кўчага олиб чиққанини.

Мухбир: 7 ноябрь куни эрталаб Грузия мухолифати уюштирган митинг куч ишлатиб тарқатилди. Эртага, 8 ноябрь куни эрталаб нима бўлади?

О.Рухадзе: Айни пайтда мухолифат ўз тарафдорларини шаҳарнинг бошқа майдонида тўплаяпти. Мухолифат етакчиларидан бири телевидение орқали чиқишида шу кунгача ўтказилган тинч намойишлар давом эттирилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG