Линклар

logo-print

“Самарқанддаги қотиллик” инглиз дипломатиясига катта таъсир кўрсатди

  • Замира Шукур

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:7NQ6xCGs4HsWxM:http://newsimg.bbc.co.uk/media/images/39515000/jpg/_39515355_murray_203.jpg Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг “Самарқанддаги қотиллик” китоби яқинда “Ифлос дипломатия” деган янги ном остида кўп нусхада АҚШда чоп этила бошлади.

2006 йил февралда Буюк Британияда аввалига атиги 4 минг нусхада босмадан чиққан бу китоб жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотгани сабабли бир йил ичида 30 минг нусхада қайта нашр этилди ва Лондон ҳукумати юрғизаëтган ташқи сиëсат атрофидаги кескин баҳсларга туртки бўлди.

“Самарқанддаги қотиллик” китобининг асл матни 200 минг сўздан иборат. Буюк Британияда чиққан китобгаям, мана энди унинг Америка нашрига ҳам оригиналнинг 140 минг сўзлик қисми олинди.

“Аммо ношир ва муҳаррирларнинг асл матндан танлаган қисмлари бир-биридан фарқ қилади”,- дейди Крейг Мюррей “Озодлик” билан суҳбатда.

К.Мюррей Буюк Британиянинг Тошкентдаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган 2002-2004 йилларда тўплаган маълумотлар, хусусан, инглиз разведкасининг Ўзбекистондан Лондон ҳукуматига йўллаган махфий ҳужжатлари асосида ëзилган “Самарқанддаги қотиллик” китобининг Британия нашридан 15 махфий ҳужжат олиб ташланган эди. Буюк Британия ҳукумати босими остида қилинган бу ҳаракатни Америка ноширлари тўғрилади ва янги нашрга Буюк Британия разведкаси махфий ҳужжатларининг деярли барчаси киритилди.

“АҚШда сўз эркинлиги Буюк Британиядагидан кўра яхшироқ ҳимоялангани боис, Америка ноширлари бу ҳужжатларни нашр этишга иштиëқ кўрсатди. Китобимнинг Америка нашри деярли цензурасиз босилди”,- дейди муаллиф.

Унинг сўзларига кўра, Лондон расмийлари цензурасидан ўтмаган махфий ҳужжатлар, асосан, АҚШ Марказий разведка бошқармаси, Буюк Британия ҳукумати ва И.Каримов хавфсизлик хизмати ўртасидаги яширин келишувга оид. Ҳужжатлар И.Каримовнинг қийноқ камераларида олинган иқрорларнинг МРБ томонидан “Ал-Қоида”га қарши курашдаги разведка маълумоти ўлароқ ишлатилганини намойиш қилади.

К.Мюррей “Самарқанддаги қотиллик” китобининг бошқа ном ва бошқача таҳрир билан Америкада чоп этилиши бу китобда Ўзбекистондаги вазиятга оид келтирилган маълумотларга жамоатчилик қизиқиши кучлилигини кўрсатишини, гарчи расмий Лондон қаҳрига учраган бўлса-да, ўз китоби Буюк Британиянинг Ўзбекистонга нисбатан сиëсатига сезиларли таъсир этганини таъкидлади.

“Китобим Буюк Британия дипломатиясига катта таъсир ўтказганини мамнуният билан қайд этаман. Бу китобда тўпланган далиллар Британия ҳукуматини, ўз хоҳишига қарши бўлса-да, жамоатчилик босими остида Каримов режимига нисбатан кескин ëндашув тутишга мажбур қилди. Мен Ўзбекистондаги қўрқинчли мустабидлик тузуми ва Ғарб давлатларининг бу мамлакат билан юритган ифлос дипломатик алоқалари ҳақида китоб ёзиб, бойиб кетганим йўқ. Аммо мен оғир вазиятда яшаëтган ўзбекистонликлар ҳаëтига оид ҳақиқатни тасвирлаб, Буюк Британия ва АҚШ ҳукуматини бундай режим билан ҳамкорлик оқибатларидан огоҳлантириш орқали ўз маънавий бурчимни бажардим, деб ўйлайман”,- дейди К.Мюррей.

Унинг сўзларига кўра, Каримовнинг ëмон диктаторлиги, унинг ўз халқини қийноқ ва қўрқувда ушлаб, ўз оиласини бойитиш мақсадида бутун халқни қашшоқликка ташлагани масаланинг бир томони. Аммо бундай мустабид билан яқин ҳамкорлик қилиш бориб турган ифлос дипломатиядир.

“Демократия, инсон ҳуқуқлари каби қадриятларга ишонсак, қисқа муддатлик фойда кетидан қувиб, Каримовдек одам билан алоқа қилмаслигимиз керак”,- деди К.Мюррей.

“Ифлос дипломатия” китоби АҚШда 25 минг нусхада чоп этилмоқда. К.Мюррей эса Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақида янги китоб ëзишни режалаштираётир.
XS
SM
MD
LG