Линклар

Халқда ҳеч кимга ишонч қолмаган


“Озодлик” мухбири турли сабабларга кўра ҳозир Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашиб, уларнинг бўлажак президент сайловига яна амалдаги давлат раҳбари Ислом Каримовнинг номзоди қўйилишига муносабатини ўрганишга ҳаракат қилди.

Бу борада фикр билдирган аксарият суҳбатдошлар И.Каримов яна президент сайловида қатнашиши ҳақидаги хабарлар ўзлари учун кутилмаган бўлмаганини маълум қилди.

Аммо Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонлик журналист Солиҳ Яҳёев аввалдан И.Каримовнинг бўлажак президент сайловида қатнашмаслигига умид қилгани, аммо бу ҳақдаги хабарни эшитиб, ажабланганини билдирди.

“Сайлов санаси белгиланган кунданоқ президент бошқа иш билан шуғулланиш ёки нафақага чиқишини айтиб, ўз ўрнига бошқа бир номзодни таклиф этишини, ўшанда унинг ҳурмати чин маънода тикланишини кутган эдим. Афсуски, бундай бўлмади. У сайловга ўз номзодини қўйгани яна давлат раҳбарлигида қолишидан дарак”,- деди С.Яҳёев.

Унинг фикрича, энди кейинги 7 йил давомида айрим раҳбарлар қамалиб, шармандаларча ишдан ҳайдалишини, аммо Ўзбекистондаги режим ҳозирги кўринишини сақлаб қолишини тахмин қилиш мумкин.

Диний таъқиблар туфайли юртини тарк этишга мажбур бўлган Иброҳим ал-Ҳошимий эса И.Каримов президентлиги даврида Ўзбекистонда мусулмонлар анча жабр кўргани, у ҳокимиятда қолса, бундан зулмлар яна давом этишини билдирди.

Ҳозир Қозоғистонда ўзбекистонлик бир миллиондан зиёд меҳнат муҳожири борлиги айтилади. Ана шундайлардан бири андижонлик Зафар яқинда юртига бориб қайтди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сайлов кайфияти умуман сезилмайди. Ҳамма тирикчилик ташвишида.

“Халқ ким президент бўлиши билан қизиқаётгани ҳам йўқ. Фақат худодан умидвор бўляпти, холос. Ҳатто И.Каримов ўрнига бошқа келса, унга ҳам ишонч қолмаган. Мухолифат ҳам йўқ. Одамлар ошқозон дардида бўлиб қолган”,- дейди Зафар.
XS
SM
MD
LG