Линклар

Янги қонун лойиҳаси танқидга учради

  • Гулнора Равшан

Тожикистондаги сиёсий партиялар, ноҳукумат ташкилотлар ҳамда давлат тизимлари вакилларидан иборат жамоатчилик кенгаши “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини муҳокама этди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон таклифи билан қонун лойиҳаси муҳокамасида иштирок этган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакили ундаги айрим моддаларни танқид қилди.

ЕХҲТнинг Душанбедаги ваколатхонаси раҳбари Владимир Пряхин Тожикистон мамлакатда тинчлик учун муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлар ва қонунлар қабул қилишда жуда эҳтиёт бўлиши лозимлигини таъкидлади.

“Қонун лойиҳаси халқаро меъёрлар талаби доирасида бўлиш билан бирга нуқсонлардан ҳам холи эмас. Жумладан, қонун лойиҳасининг 3 ва 18-моддаларида мамлакат фуқароларининг диний ташкилотлар тузиш ва унга аъзо бoлиш ҳуқуқлари батамом чекланган. Қонуннинг 28-моддасида 7 ёшга тўлмаган болаларнинг диний таълим олиши давлат монополиясига олинган. Менимча, боланинг қайси ёшда диний таълим олиши ота-она ихтиёрида бўлиши шарт. Давлатнинг бу ишга аралашуви салбий оқибатларга олиб бориши мумкин. Масжидларни ташкил этиш ва рўйхатга олиш жараёни ҳам давлат назоратига олиниши халқаро меъёрлар талаби ва мамлакат конституциясига зиддир”,- деди Владимир Пряхин.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий эркинликни кафолатловчи, фалсафаси ва мақсади ҳам эркинлик бўлган қонун лойиҳаси аслида фуқаролар диний эркинлиги ва сиёсий партияларнинг демократик принциплар асосида фаолият юритишини чекловчи ҳужжат эканини айтди.

“Янги қонун лойиҳасининг 4-моддасида диний мафкура сиёсий партиялар ва ташкилотларнинг курашиш воситаси бўла олмаслиги белгиланган. Агар сиёсий партия мафкурага эга бўлмаса, у сиёсий партия бўла олмайди. Бизнинг партиямиз Марказий Осиёдаги ислом дини ғояларини тарғиб этувчи ягона сиёсий партия саналади. Янги қонун лойиҳаси конституция бизга берган имкониятларни чеклаб қўяётганидан ташвишдамиз. Расмий диний ташкилот ва партиялар қўлини калта қилиш билан ғайриқонуний ва диний экстремистик ташкилотлар фаолияти кенгайишига йўл очиб берган бўламиз. Бу жаҳон тажрибасида синалган”,- деди Муҳиддин Кабирий.

Зиёдулло Шаҳидий номидаги музей директори Мунира Шаҳидий эса Ғарб давлатларининг кўпчилиги Марказий Осиё халқларини ҳозирда ҳам уларда юксак исломий маданият сақланиб келаётгани учун қадрлашини таъкидлади.

“Мамлакатимиз аҳолисининг 98 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Қонунларимизда ислом дини қадриятларини тан олмасликка интилишимиз жамият ва мамлакат келажаги учун ўта хатарлидир”,- деди Мунира Шаҳидий.

Тожикистон корейслари жамияти раҳбари Виктор Ким ҳам янги қонун лойиҳаси жуда хом экани, у тожик жамиятида барқарорликни издан чиқаришга туртки бўлишини билдирди.

Тожикистон президенти девони ҳузуридаги Миллий анъаналар ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси раиси Абдураҳмон Холиқов юқоридаги фикрларга қўшилмади ва қонун лойиҳасидаги айрим нуқсонлар бўрттириб кўрсатилаётганини таъкидлади.

Унинг айтишича, қонун лойиҳаси мамлакат конституцияси, Тожикистон имзолаган барча халқаро ҳужжатлар талаби даражасида ишлаб чиқилган.

“Албатта, эркинлик бўлиши зарур. Аммо эркинликнинг ҳам ўз чегараси ва тарозиси бўлиши шарт. Биз талаб қилаётган эркинлик маълум сиёсий доиралар манфаатлари учун эмас, балки барча тожикистонликлар осуда ҳаётини таъминлай оладиган эркинлик бўлиши керак”,- деди ҳукумат амалдори.

Мустақил таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов сўзларига кўра, янги қонун лойиҳаси қабул қилинса, мамлакатдаги икки нуфузли сиёсий куч – Халқ демократик партияси ва унга мухолифатдаги Ислом уйғониш партиясини бир-бирига низолаштиради.

“Агар фикрларим тўғри чиқса, биз тожиклар ички низолардан сўнг қўлга киритган энг катта неъмат - тинчлик ва осудаликни бой берамиз”,- деди таҳлилчи.

Маълум бўлишича, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ЕХҲТ экспертларидан янги қонун лойиҳасини таҳлилдан ўтказишни сўраган. 21 ноябрь куни ҳужжат ЕХҲТнинг Душанбедаги ваколатхонасида ҳам муҳокама этилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG