Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:49

Айбдорнинг иқрори бор, ишда силжиш йўқ


Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, 7 ноябрь куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар бош прокурорларининг олтинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Хабарда айтилишича, мажлисда бош прокурорлар терроризм, экстремизм ва айирмачиликка, уюшган трансмиллий жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши курашда ўзаро ахборот алмашиш ва ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилган.

Хабардан кўриниб турибдики, Бош прокуратуралар ўз олдига оламшумул вазифаларни қўйган.

Лекин баъзи тингловчиларнинг арз-додларига қараганда, ўша глобал вазифалар ортида оддий фуқаролар бошига тушган кўргиликлар прокурор назоратисиз қолгандай.

Арзгуй - жиззахлик Холмурод ака Каримов. У 2007 йил баҳорида навқирон ўғли Дилмуроддан ажраб қолди.

“4 апрелдан 5 апрелга ўтар кечаси ўғлимни Тошкент-Термиз йўлида “КамАЗ” автомашинаси уриб кетган, ўғлим воқеа жойида ҳалок бўлган”,- дейди Х.Каримов.

Холмурод ака ўғлини жойига қўйди. 3 – 4 кун ҳамдардлик билдириб келадиганларни кузатди ва ички ишлар бўлимига борди.

“Борсам, ушлаб келинган КамАЗ турган экан. Ҳайдовчи йўлда бир камерага ўхшаган нарса ётган экан, босиб кетдим, деб кўрсатма берибди. Орадан 3 кун ўтган, у адвокатини олиб, тайёргарлик билан келган-да”,- дейди ота.

Гапларининг мазмунига қараганда, Холмурод ака анча иши пишиқ, қонунларни биладиган одам.

“Қарасам, “КамАЗ”нинг икки олд баллони алмаштирилган, ювилган. Лекин барибир соч толалари қолган. 13 та соч толаси топдим. Ўшандан иккитаси ўғлимга тегишли эди”,- дейди Холмурод ака.

Албатта, Холмурод ака ўша 13 та соч толасидан иккитаси ўғлиники эканини шундоқ, бир қарашда аниқлаб олгани йўқ. Ахир одам ўзининг сочини ҳам танимаслиги мумкин-ку? Ўша икки соч толаси Дилмуродга тегишли эканини экспертиза тасдиқлаган. Экспертиза бошқа бир муҳим хулосани ҳам чиқарган.

“Экспертиза хулосасига кўра, ўғлим машина келиб урган пайтда тик турган бўлган. Лекин терговчи “йўлда ётган”, деб ёзяпти”,- дейди Холмурод ака.

Яъни эспертиза хулосасини терговчи инобатга олмаган. Энг қизиғи, Холмурод аканинг айтишича, тергов ишида ҳайдовчининг иқрори ҳам бор. У ҳақиқатан ҳам одам босиб кетгани, лекин қўрқиб, воқеа жойидан кетиб қолганини айтган. Холмурод ака тергов ишидаги бу кўрсатмадан нусха ҳам кўчириб олган.

Хуллас, юз берган бахтсиз ҳодиса жиноят эканини тасдиқловчи ҳужжат ҳам, Дилмуродни уриб юборган ҳайдовчининг иқрори ҳам бор. Иш судга оширишни кечиктириш учун асос йўқ.

Лекин... Лекин Жиззах тумани ички ишлар бўлимида кўрила бошланган иш ҳанузгача судга оширилгани йўқ. Бу иш билан шу кунда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг тергов бўлими шуғулланмоқда.

“Вилоят даражасига ўтгунча, иш бор отангга, бор онангга бўлди. Туман прокуратурасига бордим. Прокурорнинг ўзи воқеа жойида бўлган экан, менга яхши муносабатда бўлди. 3-4 кун ишни ўрганиб, протест берди ва уни орқага қайтарди”,- дейди Холмурод ака.

Туман прокурори хизмат вазифасини қонун доирасида бажарганига қарамай, иш сансалор бўлди ва барибир жабрланувчини қониқтирадиган натижа йўқ.

Унда ишни чўзишдан ким манфаатдор?

“Менимча, бу ерда яна ўша ўзимизнинг ўзбекчилик бўлаётганга ўхшайди. Ҳайдовчининг отаси МХХдами, ИИВдами ишлайдиган ошна-оғайниларини ишга соляпти”,- деди Холмурод ака.

Бир қарашда, бу иш шунчалик “дастурхон” қилишга арзимайдиган кўринади. Ахир таниш-билишчилик билан, пул-пора билан ҳал қилинаётган ишлар озми? Лекин ҳамма даҳшат мана шунда, жамиятнинг адолатни сотиб олишга кўникиб қолганида эмасми!?

Дилмуроднинг ўлими билан боғлиқ ишни олиб бораётган терговчи Воҳид Алланазаров эса ишда ижобий натижага эришилишига ишонтирмоқда.
XS
SM
MD
LG