Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:45

Владимир Путиндан миллат отасини ясашга уринишлар бошланди


Марказий Осиёдаги айрим давлатларда президентларга сиғиниш тобора кучайиб бораётган бир пайтда Россияда ҳам президент Владимир Путинни миллат отаси мақомига кўтаришга уринишлар бошлаб юборилди.

Постсовет ҳудудлардаги шахсга сиғинишнинг мислсиз кўринишини бошлаб берган туркманлар Сапармурод Ниëзовни “Туркманбоши”, деб атаб, уни умрбод президент мақомига кўтарди. Қўшниларидан илҳомланган ўзбеклар ҳам жим турмади - демократлигини даъво қилаëтган ўз президентига “Юртбоши” ëрлиғини бериб, бугун унинг ўз курсисида умрбод қолишини қўл қовуштириб маъқуллаб турибди.

Марказий Осиëнинг хонлар замонидан қолган бу анъанаси шамоли Кремлдагиларга ҳам хуш ëққан кўринади. В.Путиндан миллат отаси ясашга уринишлар бошлангани шундан далолатдир.

В.Путинни Россия миллати отаси мақомига кўтариш ғоясини асли чечен ва мусулмон бўлмиш Абдулҳаким Султигов ўртага ташлади. Кремлпараст “Ягона Россия” партиясининг миллий масалалар бўйича мувофиқлаштирувчиси А.Султигов мамлакатда парламент ва президент сайловлари бўлиб ўтиши билан Россияда миллий йўлбошчи тизими ташкил этиш режасини ишлаб чиқди. Бунинг учун мамлакат яқин тарихида мисли кўрилмаган Россия миллати фуқаролик йиғини чақиртирилади ва ўзига хос референдум бўлган бу йиғинда В.Путин миллат отаси, деб эълон қилинади. Шундан сўнг, режага мувофиқ, масалан, Сочида жойлашадиган В.Путин амалда президент, парламент ва ҳукуматни бошқариш ваколатини ўз қўлига олади.

А.Султигов ҳокимиятнинг конституцияда белгиланган барча тармоқлари устига қуриладиган бундай супертизимга эҳтиëж сабабларини “Озодлик” мухбирига тушунтиришга уринади.

“Президент Путиннинг бугунга келиб билвосита миллат йўлбошчисига айлангани инкор этиб бўлмас факт ва буни ҳамма кўриб-билиб турибди. Бугун “Ягона Россия” партиясиям, Россия халқи ҳам айнан Путинга эргашмоқда. Зотан, халқ Россия ҳаëтида 2000 йилдан бошланган улкан ижобий ўзгаришларни айнан Путин билан, аниқроғи унинг Россияни қудратли ва фаровон давлатга айлантиришга қаратилган миллий ғояси билан боғламоқда”,- дейди А.Султигов.

У Россия конституциясида президент, парламент ва ҳукумат фаолиятини назорат қиладиган тизимнинг ўзи йўқлиги, шу боис, айримлар айтаëтган каби бу таклифнинг конституцияни инкор этувчи жиҳати ҳам йўқлигини билдирди.

“Менимча, бу ерда конституция билан зиддият умуман йўқ. Зотан миллат йўлбошчиси тизими конституцияга киритилмаган. Бу тизим норасмий бўлади ва ўз вазифасини муваффақиятли адо этиб, халқ меҳрини қозонган етакчилар бу лавозимга келиши мумкин”,- деди А.Султигов.

Мустақил кузатувчилар бу ғоянинг илгари сурилиши В.Путинни нима қилиб бўлса ҳам ҳокимиятда сақлаш уринишларининг янги даврга кирганидан дарак эканини айтмоқда.

Москвадаги “Меркатор” таҳлил маркази директори, сиëсатшунос Дмитрий Орешкин буни В.Путиннинг ҳокимиятда қолиш учун кетиш сценарийларидан бири, дея изоҳлади.

“Бундай сценарийлар бир нечта. Улардан айримлари мавжуд ҳуқуқий доирадан чиқмайди. Бу Путинни бош вазир этиб тайинлаш ëки янги президентни кўп ўтмай истеъфога чиқариб, ўрнига Путинни вақтинчалик президент, деб эълон қилиб, сўнгра яна унинг икки муддатлик президентлигини бошлаш. Шунингдек, “Ягона Россия”ни парламентдаги конституциявий кўпчиликка айлантириб, унинг раҳбари сифатида Путиннинг амалда мамлакатни бошқариш тизгинини яна қўлга олиши ҳам мавжуд қонунлар доирасида ишлаб чиқилаëтган сценарийлардир. Айрим сценарийлар конституцияга ўзгартиш киритишни талаб қилади. Аммо Путин конституция ўзгармаслигини ваъда қилгани боис, улар у қадар жозибадор эмас. Ниҳоят, учинчи тоифа сценарийлар ҳуқуқ доирасидан ташқарида, аммо ижтимоий-маданий майдон ичкарисидадир. Шулардан бири А.Султиговнинг миллат отаси ëки миллат йўлбошчиси тизимидир”,- деди Д.Орешкин.

Унинг фикрича, В.Путинни ҳокимиятда сақлаш россиялик бир ҳовуч зодагонлар учун ҳаëт-мамот масаласидир, оддий россияликлар эса Россия Путинсиз яна ғариб аҳволга тушиб қолиши тўғрисидаги афсонага ишонтирмоқда.

“Бу уринишлар ортидаги мантиқ шундаки, Россия зодагонлари ўртасида Путинни ҳокимиятда қолдириш борасида муроса шаклланиб бўлган. Бу зодагонлар иқтисоднинг “Газпром”, “Роснефть” каби энг сердаромад манбалари устига яхшигина ўтириб олди. Улар Кремлга сиëсий садоқат кўрсатиш эвазига бу ширин бойликларни бехавотир ўзлаштирмоқда. Муроса асоси шудир. Путин эса бу зодагонларнинг келажак барқарорлиги кафолати. Агар Путин ҳокимиятда қолса, уларнинг мушугини биров пишт демайди, чўнтаклари янада қаппаяди, улар халқ бойлигининг бир қисмини халқ билан бўлишишга мажбурланмайди. Айни шу зодагонлар назоратида бўлган телевидение таъсирига тушган оддий халқ ҳам мамлакат барқарорлиги айнан Путинга боғлиқ, деган чўпчакка қаттиқ ишонади”,- дейди Дмитрий Орешкин.

Кузатувчилар Кремлнинг В.Путинни ҳокимиятда қолдириш сценарийларидан айнан қай бирини танлагани тез орада аëн бўлишини айтмоқда.

Улар фикрича, мамлакат куч ишлатар тизимлари орасида кучайиб бораëтган зиддият бу мавҳумликка тезроқ барҳам беришни талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG