Линклар

Ўзбекистонлик чегарабузарлар қўлга олинди


Куни-кеча ўзбек-қозоқ чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган ўзбекистонлик 90 фуқаро қўлга олинди. Ҳозир қонунбузарлар Жанубий Қозоғистон ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилибди.

Жанубий Қозоғистондаги “Онгтустиқ” чегара пости вакили подполковник Боймухонов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ушланганлар Қозоғистонга иш излаб ўтмоқчи бўлганини билдирди.

“Аёл ва эркаклардан иборат бу гуруҳ орасида ёш болалар бўлмаган. Тегишли чоралар кўрилганидан сўнг ушланганлар Ўзбекистонга қайтариб юборилади”,- деди “Онгтустиқ” чегара пости вакили.

Сўнгги вақтларда ҳафтасига ўзбекистонлик ўнлаб меҳнат муҳожири Қозоғистондан ўз юртига депортация қилиниши табиий ҳолга айланиб қолди.

Қозоғистон Миграция қўмитаси тарқатган маълумотга кўра, жорий йилда мамлакатга келган меҳнат муҳожирларининг сони ўтган йилгига нисбатан 41 фоиз кўп ва уларнинг қарийб 70 фоизини ўзбекистонликлар ташкил этади.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, ҳозир мамлакатда ўзбекистонлик бир миллионга яқин меҳнат муҳожири ишламоқда.

Қозоғистон ҳукумати мамлакатга меҳнат муҳожирлари келишидан манфаатдор экани таъкидласа-да, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўла ҳимояланмагани айтилади. Муҳожирларнинг хўрланиши, калтакланиши, ҳатто қулга айлантирилиши ҳолатлари кўп учрайди.

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, Қозоғистон иқтисодиётига каттагина фойда келтираётган меҳнат муҳожирлари аҳволи яхшиланиш ўрнига кун сайин ёмонлашиб бормоқда. Қўшни Ўзбекистондаги иқтисодий вазият яхшиланмас экан, бу мамлакатдан Қозоғистонга келаётган мигрантлар сонини камайтириб ёки тўхтатиб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG