Линклар

Покистон мухолифати етакчиси Беназир Бҳутто уй қамоғига олинди


Покистон расмийларининг билдиришича, Б.Бҳутто хавфсизлик чоралари таъминланиши учун уй қамоғига ташланган.

9 ноябрь куни мухолифат вакиллари президент Парвез Мушаррафнинг мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиш қарорига қарши оммавий намойишлар ўтказишни режалаштирган эди.

Сўнгги хабарларга кўра, Равалпинди шаҳрида Б.Бҳутто тарафдорлари ва полиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар рўй берган. Полиция ходимлари намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва таёқлар қўллаган. Ўнлаб одамнинг ҳибсга олингани айтилмоқда.

Беназир Бҳутто ҳам икки маротаба уйини тарк этишга ҳаракат қилган, бироқ хавфсизлик кучлари унга рухсат бермаган. АҚШ Покистон ҳукуматини Беназир Бҳуттони уй қамоғидан зудлик билан озод этишга чақирди. Кечга яқин Б.Бҳутто уй қамоғидан озод этилгани хабар қилинмоқда.

Шунингдек, Покистоннинг сиёсий масалалар вазири Амин Муқам хонадони яқинида рўй берган портлашда тўрт киши ҳалок бўлди. Вазирга зиён етмаган, лекин уч киши тан жароҳати олган.
XS
SM
MD
LG