Линклар

Зарафшондаги ГЭС масаласи муҳокама қилиняпти

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон томони таклифига биноан Тошкентга келган Тожикистон ҳукумати делегацияси Зарафшон дарёси устида қуриладиган Ёвон ГЭС масаласида музокаралар ўтказмоқда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назрийнинг айтишича, делегация таркибида Ташқи ишлар, Энергетика ва саноат, Сув ва мелиорация вазирликлари ҳамда “Барқи тожик” холдинг компанияси вакиллари бор.

“Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, Тожикистон ўз ҳудудида мавжуд табиий бойликлардан қўшнилар рухсатисиз фойдаланишга ҳақли. Бироқ минтақа мамлакатлари манфаатларини эътироф қилган ҳолда Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон таклифини рад этмай, ўз вакилларини қўшни давлатга юборди”,- деди Давлат Назрий.

БМТ Бош ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Марказий Осиёдаги трансчегара дарёлар бошланишида қурилиши режалаштирилаётган ГЭСлар минтақада давлатлараро мунозараларга сабаб бўлишини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон расмийси трансчегара дарёларда барча томонлар келишувига эришилмасдан ГЭС ва тўғонлар қуриш БМТ конвенциясига зидлигини маълум қилганди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили эса тожик делегациясининг Тошкентга сафаридан мақсад айнан шу масалада давлатлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш экани, бундан ҳар икки давлат манфаатдорлигини қайд этди.

“Ўзбекистон бизнинг энг яқин қўшнимиз. Шуни назарда тутган ҳолда муносабатларимиз илиқ бўлишидан манфаатдормиз. Мамлакатимизда амалга ошириладиган дастурлар, қуриладиган стратегик иншоотлар қўшнимизга зарар бўлмаслигига ҳаракат қиламиз”,- деди Давлат Назрий.

Таҳлилчи Нурали Давлатов сўзларига кўра, ниҳоят Ўзбекистон қўшниси Тожикистон ўз ҳудудидаги дарёлар сувидан фойдаланиш ва энергетик иншоотлар қуриш масаласини ўз билганича ҳал қила олиши ва бу лойиҳаларни молиялаштириш истагида бўлган хорижий сармоядорлар ҳам топилиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилган.

“Менимча, Ўзбекистон буни тушуниб етган. Бундай муаммолар дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам бор. Тожикистонда қуриладиган ГЭСлар минтақа давлатлари манфаатлари учун ҳам хизмат қилади. Ўзбекистон масала ечими ўзаро музокараларда топилишини яхши тушунади ва улар томонидан Тожикистонга қилинган таклиф бежиз эмас”,- деди Нурали Давлатов.

Эслатиш жоизки, сувининг катта қисмидан Ўзбекистон фойдаланадиган Зарафшон дарёсидаги ГЭС жорий йил бошида Хитойнинг “Синоҳидро” ширкати томонидан қурила бошлаши лозим эди. Аммо энергетика ва саноат вазири ўринбосари Пўлат Муҳиддиновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Тожикистоннинг бу режасига кескин қаршилик кўрсатиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG