Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:23

Роҳат Алиев устидан сиртдан суд бошланди


Олмаотада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиев устидан суд жараёни бошланди. Ҳозир Венада яшаётган собиқ куёв юртида бир қанча иқтисодий жиноятларни содир этганлик, одам ўғирлаш ва ўлдиришда айбланмоқда.

Р.Алиев ва унга шерикликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган 26 шахс устидан суд сиртдан ўтказиляпти. Яна 21 киши эса айбланувчи сифатида бевосита суднинг қора курсисида ўтирибди.

Р.Алиев ва унинг халқаро қидирувга берилган 26 шериги ҳозир хорижда яшамоқда. Вена суди уларни Қозоғистонга экстрадиция қилиш талабига рад жавоби берган. Вена суди бу қарорни Қозоғистонда улар адолатли суд қилинишига кафолат йўқлиги ва уларнинг айбдорлигини тасдиқловчи далиллар етарли эмаслиги билан изоҳлаган.

Суд жараёни иштирокчилари билан маслаҳатлашувдан сўнг судья Нурилла Саитов ОАВ вакиллари судни қўшни хонадан телевизор орқали кузатиши тўғрисида қарор қабул қилди.

Суднинг дастлабки мажлисида суднинг ошкоралиги ва айбланувчиларнинг шахсини аниқлаш каби масалалар кўриб чиқилди.

“Бугун асосий суд жараёнининг оддий тайёрлов босқичи бўлиб ўтди,- деди Бош прокуратура катта прокурори Владимир Ковальчук. – Суд жараёни ҳақида Роҳат Алиев ва унинг хориждаги шериклари ёзма тарзда огоҳлантирилган. Лекин улар чақирув қоғозини қабул қилмай, Қозоғистонга қайтарди. Бу ҳам айбланувчиларнинг ҳуқуқидир”.

Р.Алиев ўзига қўйилган айбловларни кескин рад этиб келмоқда. У қайнотаси бўлмиш Н.Назарбоевга 2012 йилдаги президент сайловига ўз номзодини қўйиш истагини билдиргандан сўнг ўзига турли жиноятларни юклашга уринишлар бошланиб кетганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG