Линклар

Қозоғистонда диндор ёшлар кўпаймоқда


Сўнгги йилларда Қозоғистонда диндор ёшлар сони кўпаймоқда. Уларнинг аксарияти мусулмон экани эътироф этилса-да, диндор ёшлар орасида турли секта ва мазҳабларга қўшилиб кетаётганлар ҳам анчагина экани айтилмоқда.

Олмаота шаҳри марказий масжиди имоми Муҳаммад Алсабек айни пайтда масжидларга келаётган кишиларнинг аксарияти ёшлар эканини мамнуният билан қайд этди.

“Яратганга шукр, ҳозир масжидга қатнайдиган ёшлар сони жуда кўп. Ёшлар динга ўта муҳтож экани сезилмоқда. Аммо Олмаота шаҳри масжидлари экстремистик ғояларни илгари суришдан йироқ. Бундай оқимларга эргашган ёшлар борлиги маҳаллий дин вакилларига умуман боғлиқ эмас”,- деди имом.

Шунга қарамай, диний экстремистик ҳисобланадиган оқимларга қўшилаётган ёшлар анчагина.

Олмаота шаҳри марказий масжидига доимий қатновчилардан бири Маншукнинг сўзларига кўра, ёшларнинг бундай оқимларга аралашиб қолаётганига сабаб уларнинг динни билмаслигидир.

“Ҳозир Қозоғистонда Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон ҳамда Мисрдан келган миссионерлар жуда кўп. Улар ўз маблағи ҳисобига бу ерда масжид ва мадрасалар очмоқда. Масалан, Қозоғистон Ислом университетидаги муаллимларнинг асосий қисми мисрлик ва покистонликлардир. Уларнинг ҳар бири исломни турлича талқин қилади. Бу эса ёшларнинг динни турлича қабул қилиши ва ҳар хил секталар ва экстремистик оқимларга оғиб кетишига олиб келяпти”,- дейди Маншук.

Олмаота шаҳри марказий масжидига қатнайдиган ўзбекистонлик Суҳробжон эса қозоғистонлик ёшларнинг диний билимлардан ташқари дунёвий билимларга ҳам эгалигига ҳавас қилишини билдирди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатда “Ҳизб ут-таҳрир” партиясининг 69 аъзоси устидан жиноят ишлари қўзғатилиб, улардан 40 киши қамоққа олинган. Қилмишидан тавба қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига келганлар сони эса ўтган йили 88 кишини ташкил этган.

“Энг хавотирлиси, ҳизбчиларнинг асосий қисмини ёш йигит-қизлар ташкил этаётганидир,- дейди МХҚ матбуот котиби Ислом Бекишев. – Мамлакатда тақиқланган бу партия аъзоларининг 50-60 фоизи ёшлардир. Ёшларнинг диний билимсизлиги, тажрибасизлиги экстремистик гуруҳ ташкилотчиларига қўл келмоқда”.

Хельсинки инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Олмаотадаги бюроси раҳбари Нинель Фокина “Ҳизб ут-таҳрир” аъзоларининг асосий қисмини ёшлар ташкил этаётгани, аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни экстремистик фаолияти учун эмас, балки шунчаки тақиқланган партияга аъзо бўлгани учунгина озодликдан маҳрум қилаётганини айтади.

“Ҳозирча дунёда “Ҳизб ут-таҳрир” партияси билан боғлиқ бирор экстремистик ёки террорчилик ҳолати содир этилгани маълум эмас. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу партия аъзоларини экстремистик ҳаракат содир этгани учун эмас, балки фаолияти тақиқланган ташкилотга аъзо бўлгани учунгина жазоламоқда. Қозоғистон қамоқхоналарида бу партиянинг озодликдан махрум этилган кўплаб ёш аъзолари бор. Уларга аниқ абйлов қўйилгани йўқ. Хулоса қилиш мумкинки, улар аниқ бир жиноят учун эмас, балки ўзгача фикрлагани учун қамоқда ўтирибди”,- деди Нинель Фокина.
XS
SM
MD
LG