Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:43

Ва ниҳоят Бош прокуратура жимликни бузди


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳукумат амалдорларига тегишли экани айтилган телефон сўзлашувларининг аудио ва ёзма кўриниши жамоатчиликка ошкор этилгани юзасидан жиноят иши қўзғади.

Ўзини “Мустақил текширувлар агентлиги”, деб атаётган асли номаълум манба томонидан тақдим этилган бу сўзлашувлар бундан 2 ҳафта илгари чоп этилган эди. Унда гўёки ҳукумат амалдорлари президент Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиевни йўқ қилиш, номини қоралаш учун қандай тарғибот юритиш масаласини муҳокама қилган. Мазкур сўзлашувлар президент Н.Назарбоевнинг собиқ ва ҳозирги иш юритувчилари, Қозоғистон Сенатининг собиқ спикери, қишлоқ хўжалиги вазири, Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раисига тегишли экани айтилганди.

Бош прокуратура тарқатган баёнотда таъкидланишича, МХҚ бу ҳолат юзасидан “ОАВ тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши бўйича жиноят иши очган. Мазкур қонуннинг 2-боб 3-қисмида қўриқланадиган сирли маълумотларни ошкор этиш тақиқланиши белгиланган. Улар сирасига фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид ва уларнинг шаъни ва обрўсига путур етказадиган маълумотлар ҳам киради.

Шу қонуннинг 21-бобига кўра, журналист юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳурмат қилиши ҳамда ҳақиқатга яқин бўлмаган ахборотни тарқатмаслиги керак.

Бош прокуратура телефон сўзлашувларини ошкор этиш орқали “ОАВ тўғрисида”ги қонуннинг юқорида тилга олинган моддалари бузилган ҳисоблаб, бу ахборотнинг чоп этилишига жавобгар шахслар жиноий жавобгарликка тортилишини маълум қилган.

Аммо Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ҳалигача маҳаллий матбуотда чоп этилган телефон сўзлашувлари сохта эканини билдирмоқда.

“Ташжарған” мустақил газетаси бош муҳаррири Бахитгул Мақимбоева Бош прокуратура матбуотда икки ҳафта илгари эълон қилинган бу маълумотларга бунча кеч муносабат билдираётганидан ажабланаётганини таъкидлади.

“Мазкур маълумотлар чоп этилганидан икки ҳафта ўтиб улар жамоатчиликка ошкор этилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилганини ноўрин ҳисоблаймиз. Биз маъмурларнинг бундай адолатсиз ҳаракатларига қарши курашишга тайёрмиз”,- деди бош муҳаррир.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мустаҳим Тўлиева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда гўёки сўзлашувлар ўзларига тегишли экани даъво қилинаётган амалдорлар эмас, балки МХҚ жиноят иши қўзғатишни талаб қилгани ҳуқуқ-тартибот идораларининг хатоси эканини билдирди.

“Амалдорлар жиноят иши қўзғаш талаби билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмагунича, телефон сўзлашувларини ошкор этган ОАВ устидан жиноят иши қўзғатилиши қонунга зиддир”,- деди М.Тўлиева.
XS
SM
MD
LG