Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:10

Давлат котибининг ўринбосари Тбилисига отланди


Грузия раҳбарияти билан мамлакатда юзага келган жиддий сиёсий инқироздан чиқиш йўлларини муҳокама этиш учун АҚШ давлат котиби ўринбосари Мэтью Брайза Тбилисига йўл олди.

7 ноябрь куни Грузия полицияси мухолифатнинг бир ҳафта давом этган норозилик намойишини куч билан тарқатиб юборган эди. Шундан сўнг Грузияда 15 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.

Грузиядаги мана шу воқеалар манзарасида Тбилисига йўл олган Мэтью Брайза сафари олдидан “Озодлик” радиосининг грузин хизматига интервью берди. У дастлаб сафаридан кўзланган мақсад ҳақида гапирди.

М.Брайза: Мен давлат котиби Кондолиза Райснинг фавқулодда ҳолат дарҳол бекор қилиниши ва барча ахборот воситалари фаолияти қайта тиклаши кераклиги ҳақидаги даъватини олиб кетяпман. Бу, аввало, президент Михаил Саакашвили эълон қилган сайловнинг эркин ва адолатли ўтишини таъминлашда муҳим омилдир.

Мухбир: Президент Михаил Саакашвили 7 ноябр куни нафақат Грузия давлати, балки Грузиядаги демократия ҳам сақлаб қолинганини айтди. Демократияни резина тўқмоқлар ва кўздан ёш оқизувчи газ билан сақлаб қолиш мумкинми?

М.Брайза: Агар Грузия ҳукумати ва мухолифатнинг мутасадди раҳбарлари ўзаро муносабатларда узоқ вақт давом этиб келган муроса ва дўстлик руҳида музокара столи олдига ўтириб, мамлакатда демократик институтлар фаолиятини мустаҳкамлаш чораларини бирга ишлаб чиқса, Грузияда демократияни сақлаб қолиш мумкин бўлади. Фақат шу йўл орқали демократияни қайта тиклаш мумкин.

Мухбир: 7 ноябрдаги воқеалар Грузиядаги демократияга жиддий зарба бўлди, деб ўйлайсизми?

М.Брайза: Буни вақт кўрсатади. Биз ҳукумат томонидан намойишчиларга нисбатан ортиқча куч, умуман куч ишлатилганидан афсусдамиз. Биз ҳам ҳукумат, ҳам мухолифат конструктив тарзда олдинга ҳаракат қилиш кераклиги тўғрисида ўйлаётганига ишонамиз.

Мухбир: Ташрифингиз давомида мухолифат вакиллари билан ҳам учрашасизми?

М.Брайза: Албатта, учрашаман. Мен ҳар гал Грузияга борганимда мухолифат вакиллари билан учрашаман. Яқинда улар Вашингтонда бўлди. Ҳукумат аъзолари каби мухолифат вакиллари орасида ҳам дўстларим бор. Улар менга ҳақиқий дўст эканига ишонаман.

Мухбир: Сиз ва АҚШнинг бошқа расмийлари Грузия Россия билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлаб келяпти. Грузия ҳукумати россиялик дипломатларни айблаб, улардан уч нафарини мамлакатдан чиқариб юборганига қандай муносабат билдирасиз?

М.Брайза: Билишимча, Грузия ҳукумати бундай айбловни жиддий равишда билдирган. Менга маълум бўлишича, Грузия мухолифати раҳбарларидан бири Россияда яширинган. Бу, биласизми, чақириққа ўхшаган нарса.
XS
SM
MD
LG