Линклар

Қийноқлар учун, энг аввало, ҳукумат жавобгардир

  • Ҳурмат Бобожон

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Васила Иноятова ўз ташкилоти Ўзбекистондаги қийноқлар масаласида халқаро тузилмаларга кўплаб марта мурожаат этгани, лекин бу мурожаатлар жиддий қабул қилинмаганини билдирди.

Айни кунларда БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кўриб чиқмоқда. Мазкур тадбирда “Эзгулик” раҳбари ҳам иштирок этаётир.

“Бу ерда кўтарилган конкрет масалалар юзасидан биз мана шу залда ўтирган ташкилотлар вакилларига ўн, балки юз марталаб мурожаат этганмиз. Бизнинг барча мурожаатларимиз эътиборсиз қолди. Биз айнан қийноқлар масаласини, Ўзбекистондаги қамоқхоналардаги аҳвол масаласини кўтарган эдик. Лекин булар кўриб чиқилмади”, - дейди Васила Иноятова.

Эшитувларда қатнашган мартабали ўзбек расмийларидан иборат делегация Тошкент ҳукумати мамлакатда қийноқларни таг-томири билан йўқ қилиш ва юридик соҳани либераллаштириш йўлида чора кўрилаётгани ҳақида ҳисобот берди. Эшитувларда қатнашган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячи Суҳроб Исмоилов ҳукумат тақдим этган бу маълумотлар ҳозирги реалликдан анча йироқ эканини айтди.

“Ҳукумат делегацияси тақдим этган маълумотларни эскирган ҳисоблаймиз. Улар Ўзбекистонда халқаро ташкилотлар фаолият юритган даврга тааллуқли маълумотлардир. Ўшанда халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда бир қанча лойиҳаларни амалга оширган эди. Ҳозир эса, афсуски, бундай ҳамкорлик йўқ. Шу боис, ҳукумат ҳисоботининг кўплаб пунктлари янгиланиши ва қайта кўриб чиқилиши лозим”, - деди Суҳроб Исмоилов.

АҚШнинг БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасидаги вакили Фэлайс Гаер ҳам Ўзбекистон расмийларини танқид қилди ва уларни 200га яқин ноҳукумат ташкилотни ёпиб, фуқаролик жамиятини яксон қилишда айблади.

“Мен у ёки бу ташкилот сиз учун муаммо туғдиришини тушунишим мумкин. Лекин бу ташкилотларнинг барчаси қонунбузарлик айби билан мамлакатдан ҳайдалганини, тўғриси, тушуна олмаяпман”, - деди Фэлайс Гаер.

Ўтган ҳафтада “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ўз ҳисоботида Ўзбекистон ҳукуматини қийноқлардан кўз юмаётганликда айблади. Беш йил муқаддам БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистондаги баъзи жазони ўташ муассасаларини бориб кўриб, мамлакатда қийноқлар мунтазам тарзда қўлланади, деган хулосага келган эди.

ҲРУ ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистонда ички ишлар ва хавфсизлик ходимлари ҳибсга олинган шахсларни қийноққа тутади, гувоҳлар ва айбланувчилар яқинларини қўрқитади ва баъзи ҳолларда ҳаттоки ҳимоячиларни тергов жараёнидан четлатишга ҳаракат қилади. Қийноқ усулларига резина тўқмоқлар билан калтаклаш, токка қўйиш, противогаз кийдириш, жинсий тажовуз ва ҳоказолар киради.

Бу ҳақда маҳбусларнинг ўзлари ва яқинлари “Озодлик”ка ҳам кўп марта гапирган.

БМТнинг қийноқлар бўйича собиқ маърузачиси Тео ван Бовен эса Ўзбекистон ҳукуматини унинг қийноқларни бартараф этишга қаратилган тавсияларини бажармаганликда айблади ва сўнгги пайтдаги вазият қийноқлар қўлланиши янада кучайганини кўрсатаётганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, бунга, энг аввало, ҳукумат жавобгардир.

БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистондаги қийноқлар масаласини муҳокама қилишни душанба куни ҳам давом эттиради.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ва маҳаллий ташкилотлар қўмитани Ўзбекистон ҳукуматини кескин қоралашга чақирмоқда.
XS
SM
MD
LG