Линклар

Манфред Новак Ўзбекистонга таклиф қилинишини кутяпти

  • Фаррух Юсуфий

“Озодлик” мухбири Ўзбекистондаги қийноқлар оид вазият юзасидан БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак билан суҳбатлашди.

М.Новак: Аввало, салафим Тео ван Бовен бундан беш йил аввал Ўзбекистонга борганида у ерда қийноқлар мунтазам равишда қўлланиши ҳақида хулоса қилганини эслатишим жоиз. Иккинчидан, Ўзбекистон ҳукумати вазиятни яхшилаш борасида муайян чораларни кўрганини ҳам эътироф этиш керак. Хусусан, маҳбусларнинг ноҳақ айбланмаслик ҳуқуқларини таъминлаш, келаси йилдан ўлим жазосини бекор қилиш каби қарорлари муайян қонуний чоралар кўрилганини тан олишимизга асос бўла олади. Лекин айни пайтда Ўзбекистонда қийноқлар ҳамон қўлланилаётганига оид кўплаб хабарлар олмоқдаман. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукуматидан мени мамлакатга таклиф қилиб, вазиятни бевосита ўрганишимга имкон беришини илтимос қилганман. Яқинда Нью-Йоркда Ўзбекистон элчиси билан суҳбат қилишга муваффақ бўлдим. Бу суҳбат ижобий руҳда ўтгани 2008 йилда Ўзбекистонга таклиф этилишимга умид туғдирди. Агар бу умидларим ушалса, Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган чоралар асл вазиятга қандай таъсир ўтказганини бевосита баҳолаш имкони пайдо бўларди.

Мухбир: Ҳамкасбингиз Тео ван Бовеннинг сиз тилга олган Ўзбекистон сафарига ва қийноқлар мунтазам экани ҳақида хулоса берганига беш йил тўлди, шу кунларда эса “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг “ўзбек қамоқларидаги қийноқлар Ўзбекистон адлия тизимига хос бўлган касаллик экани” таъкидланган ҳисоботи эълон қилинди. Яъни бундан беш йил ичида Ўзбекистондаги вазият ўзгармаганини хулоса қилиш мумкин. Сизда бор маълумотларга таяниб, бу ҳақда нима дея оласиз?

М.Новак: ҲРУ ҳисоботини ўқидим. Улар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ҳукуматини кескин танқид остига олган. Лекин бошқа томондан ҳозир Ўзбекистондаги вазиятни кузатиш жуда қийин бўлиб қолган. ҲРУнинг қийноқлар ҳамон кенг қўлланмоқда, деган хулосасига қўшиламан, чунки улар кўплаб мисолларга таяниб шундай хулосалар берган. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати қонуний чораларни кўраётгани қийноқлар бутунлай бартараф этилди, дегани эмас. Аксинча, Ўзбекистонда қийноқлар ҳамон қўлланаётганига ишора қилувчи далиллар ва хабарлар бор. Лекин бошқа томондан Ўзбекистон ҳукумати чора кўраётганини олқишлаймиз, албатта. Айнан шу сабабли ҳам ҳозирги вазият қандай эканига баҳо бера олишим учун менинг Ўзбекистонга таклиф этилишим жуда муҳимдир. Мени таклиф қилишларини анчадан бери илтимос қилиб келяпман. Агар Ўзбекистон ҳукумати бу илтимосларимга ижобий жавоб бермаса, улар ниманидир яширмоқчи, деган хулоса келиб чиқади. Бу эса, ўз навбатида, ҲРУ каби ташкилотларнинг Ўзбекистонда қийноқлар ҳам кенг қўлланаётганига оид таъкидларига асос яратади.

Мухбир: Билишимча, Ўзбекистон ҳукуматидан сизни таклиф этишларини сўраб мурожаат қилганингизга икки йил бўлиб қолди. Нью-Йоркда Ўзбекистон элчиси билан бўлиб ўтган суҳбатдан кейин бунга умидлар пайдо бўлганини айтдингиз. Бу умидларингиз ушалишига қанчалик ишонасиз?

М.Новак: Бу жуда ижобий учрашув бўлди ва айтганимдек, келаси йил мени таклиф этишларини эҳтимолдан соқит қилмаяпман. Лекин Ўзбекистон расмийси менга ҳеч нарсани ваъда қилмади. Бу учрашув менда шунчаки, аввалги учрашувлардан кўра яхшироқ таассурот қолдирди. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукуматида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик борасида яхши ниятлар пайдо бўлганига ишонгим келди. Қани кўрамиз, агар улар ҳақиқатан ҳам вазиятни яхшилашга уринаётган бўлса, мени таклиф қилиб, вазиятга бевосита баҳо беришимга имкон беришдан, энг аввало, Ўзбекистон ҳукумати манфаатдор бўлиши керак. Лекин мени таклиф қилишмаса, бу улар ниманидир яширмоқчи бўлаётганига ишора қилади, албатта.

Мухбир: Сўнгги савол, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда қийноқлар жиддий муаммо эканини ҳатто Тео ван Бовен хулосалари эълон қилинганидан кейин ҳам ҳозиргача очиқ тан олгани йўқ. ҲРУ каби ташкилотлар ҳисоботларини ҳам Тошкент ҳукумати нохолис, дея инкор қилиб келади. Жума куни эса Ўзбекистон делегацияси БМТ минбаридан туриб, бугун Ўзбекистонда қийноқлар ҳолати деярли йўқ эканини таъкидлади. Савол такрорланаётгани учун узр, лекин сиз кўпроқ кимга ишонасиз?

М.Новак: Биринчидан, Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам равишда қўлланиб келингани борасида ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги лозим. Бу фақатгина Тео ван Бовен хулосалари эмас, бу борада кўплаб ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар мустақил манбаларга таяниб ҳисоботлар берган. Шунинг учун бу борада менинг шубҳаларим йўқ. Иккинчидан, Ўзбекистон ҳукуматининг бу борада чоралар кўраётгани ҳам вазият чатоқ бўлганидан дарак беради. Агар муаммо бўлмаганида, чора кўришнинг ҳожати бўлмасди. Демак, расмий Тошкент қийноқлар борлигини очиқ тан олмаган бўлса-да, буни билвосита тан олганини айтиш мумкин. Ҳозир энг асосий масала ҳукумат чоралари қай даражада самарали бўлганини баҳолашдир. Шуни айтишим керакки, ҳукумат қанча чора кўрмасин, мунтазам қўлланиб келинаётган қийноқлар муаммосини бир кунда ҳал этиб бўлмайди. Яъни қандайдир қонунларни қабул қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, бу муаммони ҳал этиш учун сиёсий партиялар, ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийларининг бу борадаги қарашларига ва мутасаддиларнинг жавобгарлик ҳақидаги ёндашувларига таъсир ўтказиш керак. Шунинг учун бу каби чораларнинг самарасини кўриш учун давомли ва ҳар томонлама чоралар кўрилиши шарт.
XS
SM
MD
LG