Линклар

logo-print

Бишкекда қочқинлар маркази очилди


Хондамир Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бошпана изловчи шахсларни қабул қилиш маркази очилди. Марказнинг очилиш маросимида БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссари Антонио Гуттереш иштирок этди.

Марказ БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Бишкекдаги ваколатхонаси ва Қирғизистон ҳукумати ҳузуридаги Муҳожирлик ва аҳолини иш билан таъминлаш давлат агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Марказ очилишида сўзга чиққан Антонио Гуттереш ўз нутқини қочқинларга кўрсатаётган улкан ёрдам учун Қирғизистон расмийларига миннатдорлик билдиришдан бошлади.

“Мазкур марказ Қирғизистон расмийларининг қочқинларни ҳимоя қилиш ишига содиқ эканига яққол далил ҳисобланади”, - деди А.Гуттереш.

Тадбирда иштирок этган Қирғизистон бош вазири ўринбосари Дўсбул Нур ўғли мамлакат ҳукумати қочқинларни ҳимоя қилиш ишида БМТ, Европа комиссияси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан янада тиғизроқ ҳамкорлик қилишини билдирди.

Қирғизистон ҳукумати ҳузуридаги Муҳожирлик ва аҳолини иш билан таъминлаш давлат агентлиги раисаси Ойгул Рисқулова янги марказ атиги ўттиз оилани қабул қилиш учун мўлжалланганини айтади.

“Қирғизистонга келган барча қочқинларни бу марказга жойлаштира олмаймиз. Уйи йўқ ёки учинчи мамлакатга кетадиган қочқинлар бу ерда вақтинча жойлашиши учун шарт-шароитлар бор”,- дейди Ойгул Рисқулова.

О.Рисқулова сўнгги ўн беш йил мобайнида Қирғизистон йигирма мингдан ортиқ қочқинга бошпана берганини, айни кунда эса мамлакатда мингдан ортиқ қочқин борлигини билдирди. Аммо бор-йўғи ўттиз оиланинг яшаш шароити билан таъминланиши Қирғизистондан бошпана излаб келган кишилар муаммоларини ҳал эта олмайди.

Қочқинлардан бирининг айтишича, бошпана изловчи кишиларни учинчи мамлакатга кўчириш масаласи кўриб чиқилиши ҳаддан зиёд кўп вақт талаб қилади. Бундан ташқари, бу ерда қочқинлар дуч келаётган ижтимоий муаммолар ҳам талайгина.

“Қиш кунларида, айниқса, яшаш шароити билан боғлиқ муаммолар кўп. Ҳозир Бишкекда, масалан, бир ёки икки хонали квартирани ижарага олиш 250-300 доллар атрофида. Бундан ташқари, еб-ичиш, тирикчиликка кетадиган маблағларни топишда қийинчиликлар бор, лекин бу муаммо муаммолигича қоляпти. Бу марказ қочқинларга нечоғли ёрдам бера олиши ҳақида ҳали бирор нарса дейишга ожизмиз”,- дейди Қирғизистондан вақтинча бошпана топган қочқинлардан бири.

Унинг билдиришича, марказ очилишидан кейин А.Гуттереш ва Қочқинлар иши бўйича олий комиссарликнинг бошқа вакиллари Қирғизистондан бошпана топган кишилар билан учрашган ҳамда улар дуч келаётган муаммоларни имкон қадар ҳал қилиб беришга ҳаракат қилишини айтган.

А.Гуттерешни Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев ҳам қабул қилиб, мамлакат расмийларининг БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги билан ҳамкорлиги бундан буён янада яхшиланишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG