Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:05

Ўзбекистон чегарачиси тожик фуқаросини отиб қўйди


6 ноябрь куни ўзбек-тожик чегарасида юз берган нохуш воқеада Ўзбекистон ҳарбийси тожикистонлик фуқарони отиб ўлдириб қўйди. Ўзбекистон томони бу воқеада тожикистонликларни айбламоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасининг “Пресс-ўз.инфо” сайти тарқатган баёнотида айтилишича, Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги Қорақир чегара пунктида тожикистонлик 18 киши мазкур мамлакатнинг икки чегарачиси ёрдамида минерал ўғитлар ортилган тракторни Ўзбекистон ҳудудидан ўғирлаб кетишга уринган. Ўзбек чегарачиларининг қонунбузарларни тўхтатиш ҳаракатларига қаршилик кўрсатган тожикистонликлардан бири тасодифан отиб ўлдирилган. Тожикистоннинг 1966 йилда туғилган фуқароси Отаев Абдулло Неъматовични отиб ўлдирган ўзбек чегарачисининг автомат тепкисини тасодифан босиб юборганига қўшни давлат фуқаролари отган тош сабаб бўлган. Чегарачи отган ўқ тўғри А.Отаевнинг кўксига теккан.

6 ноябрь кунги воқеадан хабардор кишилар бахтсиз воқеа сабаблари ўзбек томони келтирган версиядан ўзгача бўлганини айтмоқда.

Тожикистонлик мустақил журналист Мақсуд Жўранинг таъкидлашича, воқеанинг кўнгилсиз якун топишига ўзбек чегарачиларининг Ўзбекистон мулкини ҳимоя қилишга қаттиқ ҳаракат қилгани эмас, балки минерал ўғитларни олиб чиқиб кетишга уринган тожикистонликларнинг ўзбек аскарлари билан келиша олмагани сабаб бўлган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик ва давлат чегарасини қўриқлаш хизмати матбуот вакили Хушнуд Раҳматуллоев Қорақир чегара пунктида Тожикистон фуқароси отиб ўлдирилганини тасдиқлади, лекин воқеа текширилмагунча, унга изоҳ бермаслигини маълум қилди.

Тожикистонлик мустақил журналист Мақсд Жўра икки давлат чегарасидаги бу каби кўнгилсиз воқеалар одатий ҳолга айланиб қолганини афсус билан қайд этди.

“Пресс-ўз.инфо” тарқатган хабарда бир кишининг ҳалок бўлиши эмас, балки минерал ўғитлар ўғирланиши асосий воқеа ўлароқ кўрсатилишидан ҳам таассуфдаман”,- деди Мақсуд Жўра.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Ҳулкар Юсупов ўзбек-тожик чегарасидаги муаммолар бу икки давлатнинг ўзаро сиёсий муносабатлари янада совуқлашишига олиб келаётганини таъкидлади.

“Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўзаро совуқ муносабатларни четга суриб, муаммоларни ҳал этишга яхши ният кўрсатганда, оддий фуқаролар, тасодифан бўлса-да, ҳалок бўлишига олиб келадиган бундай воқеалар рўй бермас эди”,- дейди таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG