Линклар

logo-print

Қийноқлар учун ҳам жавоб бериш керак бўлади

  • Замира Шукур

БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасида ўтаётган тингловларнинг 12 ноябрь кунги мажлисида Тошкент ҳукуматининг юқори даражали расмийлари халқаро ташкилотлар вакиллари саволларига жавоб қайтарди.

Қийноқларга қарши қўмита эълон қилган ахборотга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг қўмитага тақдим этган учинчи ҳисоботи муҳокамаси бошланган жума куни Тошкент расмийлари саволлар ëмғири остида қолган.
Ҳисоботни тақдим этган Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Эсонмурод Каниязов, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази вакилларидан таркиб топган расмий делегация аъзолари бу саволларга жавоб қайтаришга имкон қадар уринган. Сўнг улар берилган саволларга жавобни Тошкент билан маслаҳатлашгандан сўнг душанба куни беришни ваъда қилган.

БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси раисаси, америкалик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Фелисе Гаэр хоним Ўзбекистон ҳукуматининг кейинги икки йил давомида мамлакатда фаолият юрғизиб келган 200дан ошиқ маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаолиятини қайси асосда ëпгани билан қизиқди. Ўзбекистоннинг расмий ҳисоботида бу ташкилотлар мамлакат қонунларини бузгани учун ёпилгани қайд этилади. Гаэр хоним айни шу изоҳ ўзини энг кўп таажжубга солганини айтди.



“Мен бир-икки гуруҳнинг мамлакат қонунларини бузгани ва Ўзбекистон ҳукумати учун бундай гуруҳлар фаолиятининг давом этиши муаммога айланган бўлишини тушуна оламан. Аммо очиғини айтсам, 200дан ошиқ ташкилотнинг бирин-кетин қонунларни бузгани ва уларнинг барчасини мамлакатдан ҳайдаб чиқариш зарурати туғилганини ҳарчанд уринмай, сира тушуна олмаяпман”,- деди жума кунги муҳокамаларда Фелисе Гаэр.

Шу боис, қўмита раҳбари душанба куни Тошкент ҳукуматидан, масалан, БМТнинг қочқинлар идораси Ўзбекистондан ҳайдаб чиқарилгани, Халқаро қизил хоч ташкилоти вакилларининг эса мамлакатда қийноқлар энг кўп қўлланиладиган қамоқхоналарга киритилмаëтгани учун батафсил изоҳ кутишини билдирди.

БМТ расмийси тилга олган 200дан ошиқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари 2005 йил 13 май кунги Андижондаги қонли воқеалардан сўнг бирин-кетин мамлакатдан ҳайдалганди.

БМТнинг қочқинлар идораси Андижон қирғинидан омон қолиб, Қирғизистонга қочиб ўтган юзлаб гувоҳлар учун махсус лагер ташкил этиб, уларни учинчи давлатга кўчириш жараëнини бошлагач, бу идоранинг Тошкентдаги офиси ëпиладиган бўлди.

“Ўзбекистон ҳукумати 17 март куни бизга БМТ қочқинлар идорасининг мамлакатда ўз вазифасини тўла адо этиб бўлгани ва унинг бу ерда қолишига ортиқ эҳтиëж йўқлигига ишонишини билдирди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги идорамиздан Тошкентдаги офисини бир ой ичида ëпишни талаб қилди”,- деган эди 2006 йил 20 мартда БМТ расмийси Астрид ван Гендерен Сторт.

БМТ қочқинлар идораси матбуот хизмати вакиласи Вивиан Тан ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ёпилиши ҳақида гапириб: “Расмий изоҳда Андижон воқеалари тилга олинмаган бўлса-да, аслида Андижон қочқинларига ëрдам кўрсатганимиз учун Тошкент қаҳрига учраганимиз ҳаммага аëн”,- деди.

Унинг таъкидлашича, қочқинлари идорасининг Ўзбекистонда қиладиган ишлари талайгина. Мамлакатда 1200га яқин афғон қочқини бор ва уларга ёрдам кўрсатиш идора зиммасидадир.

“Шу кунларда Тошкент расмийлари билан бу қочқинлар учун мўлжалланган бир марталик лойиҳани амалга ошириш борасида сўзлашувлар бормоқда. Аммо ҳозирча идорамизнинг Тошкентга қайтиб, ўз офисини қайта очиши ҳақида гап ҳам йўқ”,- деди Вивиан Тан.

Халқаро қизил хоч жамияти расмийси эса “Озодлик” билан суҳбатда ҳозирча ташкилот Ўзбекистонда ўз фаолиятини давом эттираётгандан бўлса-да, имкониятлари жуда чекланганини маълум қилди.

Тошкент расмийлари душанба куни БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси олдида жавоб бериши кутилаëтган яна кўплаб саволлар бевосита Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазият билан боғлиқ. Қўмита экспертларини, Қизил хоч ëки БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачисини ëпиқ қолаëтган Ўзбекистон қамоқхоналаридаги инсон ҳуқуқларига оид вазият ташвишга солиб келмоқда.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак Ўзбекистон қамоқхоналарига бориб, у ердаги ҳақиқий аҳвол, хусусан, қийноқлар вазиятини ўрганишга икки йилдан бери уринаëтгани, бироқ ҳозирча сўровлари жавобсиз қолаëтганини билдирди.

“Ҳозир Ўзбекистондаги вазиятни кузатиш жуда қийин бўлиб қолган. “Ҳьюман райтс уотч”нинг қийноқлар ҳамон кенг қўлланмоқда, деган хулосасига қўшиламан, чунки улар кўплаб мисолларга таяниб шундай хулоса берган. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукуматининг бу борада чора кўраётгани қийноқлар бутунлай бартараф этилди, дегани эмас. Аксинча, Ўзбекистонда қийноқлар ҳамон қўлланаётганига ишора қилувчи далиллар ва хабарлар бор. Ҳозирги вазият қандай эканига баҳо бера олишим учун менинг Ўзбекистонга таклиф этилишим жуда муҳимдир. Мени таклиф қилишларини анчадан бери илтимос қилиб келяпман. Агар Ўзбекистон ҳукумати бу илтимосларимга ижобий жавоб бермаса, улар ниманидир яширмоқчи, деган хулоса келиб чиқади”,- деди Манфред Новак.
XS
SM
MD
LG