Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:47

З.Нуркадилов вафотининг икки йиллиги хотирланди


Қозоғистонликлар бундан икки йил аввал ҳалок бўлган таниқли мухолифатчи Замонбек Нуркадилов ўлимининг икки йиллигини хотирлади. Расмийлар ҳукумат идораларида кўп йиллар ишлаган бу шахс ўз жонига қасд қилиб ўлганини билдириб келмоқда.

З.Нуркадилов бир неча йиллар давомида президент Нурсултон Назарбоев командасида фаолият юритган, Қозоғистон бош вазири, Олмаота шаҳри ва вилояти ҳокими, парламент депутати лавозимларида ишлаган. 2004 йилда у амалдаги президент юритаётган авторитар сиёсатни қаттиқ танқид остига олиб, мухолифат сафига ўтганди.

З.Нуркадилов билан узоқ йиллар бирга ишлаган, ҳозирда мухолифатдаги Социал демократик партия раиси Жармахон Туёқбой айнан амалдаги ҳукумат сиёсатига қарши чиққани унинг эрта ҳаётдан кўз юмушига олиб келганини айтади.

“Ҳукумат томонидан содир этилаётган адолатсизлик ва зўравонликка қарши курашиш унинг ҳаётдаги асосий мақсадларидан бири эди. У қўрқмас ва довюрак инсон эди. Ҳукумат, жумладан, Н.Назарбоев юритаётган сиёсатни мардларча танқид қилгани, унга қарши курашгани Замонбекнинг тўсатдан ва тушунарсиз вазиятда ҳалок бўлишига олиб келди. Ҳозир демократик мухолифатдаги ҳамма ҳам амалдаги ҳукуматни З.Нуркадилов каби танқид қила олмайди”,- дейди Ж.Туёқбой.

З.Нуркадилов билан узоқ йиллар таниш бўлган Каришали Саната эса обрўси халқ ичида жуда катта бўлгани ва бу ҳолат амалдаги ҳукуматга маъқул келмагани боис ҳам мухолифатчи ўлдириб кетилгани ҳақидаги фикрларда жон борлигини таъкидлади.

2005 йил 12 ноябрда жасади ўз уйидан топилган З.Нуркадилов Н.Назарбоевнинг президент сайловидаги асосий рақибларидан бири ҳисобланган. Мамлакатдаги кўпгина кузатувчилар З.Нуркадиловнинг ўлими сиёсий бўлганини эътироф этиб келмоқда.

“Республика” газетасига берган сўнгги интервьюларидан бирида президент Н.Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев З.Нуркадиловнинг ўлимидан манфаатдор шахс унинг собиқ қайнотаси бўлганига шаъма қилган эди.
XS
SM
MD
LG