Линклар

Арзон ёғ можароси

  • Садриддин Ашур

Хўжанд шаҳрида бир килограмм пахта ёғи нархи 10 сомоний, яъни қарийб 3 АҚШ долларига чиқди. Ҳукумат ёғ нархини пасайтириш учун уни арзонроқ сотишни ташкил этяпти.

Хўжанднинг машҳур Пайшанба бозорида пахта ёғи йўқ эмас, бор. Лекин ўта қиммат. Ҳукумат пахта ёғининг ҳар литрини 6,5 сомонийдан сотиб, нархни пасайтиришга уриняпти. Бироқ киши бошига 2 килограммдан сотилаётган арзон ёғ учун навбатлар жанжалларга савдо бўляпти.

Бозордагидан бир доллар арзон бўлган бу ёғ учун 300-400 кишилик узундан-узоқ навбатлар пайдо бўляпти. Уч-тўрт милиция ходими навбатни тартибга солишга ҳаракат қилади, лекин фойдаси йўқ, оломон яна тўзиб кетади. Аҳоли ёғни арзон сотиш ташкил этилгани вақтинча эканидан хавотирланяпти.

Навбатда турган аёллардан бирининг айтишича, яқинда Тожикистон президенти Хўжандга келади. Шунинг учун маҳаллий ҳукумат халқнинг норозилик тафтини босиш учун шундай қилмоқда. Лекин бу денгиздан томчи.

“Халққа азоб бермасдан яна 2-3 машина ёғ олиб келишса бўлмайдими? Шу икки кило ёғ учун халқ эрталабдан азобда. Ит эгасини танимайди. Президент кўрсин халқнинг бу азобларини”,- дейди суҳбатдош аёл.

Унинг сўзларига кўра, тўполонларда ҳатто баъзи кампирлар ҳушидан ҳам кетиб қолган.

“Кеча роса аламим келди, йиғладим. Мана шу ерда иккита кампир узала тушиб ётиб қолган, олтита милиция ходимининг эса парвойи палак. Ёш қизчалар ҳам тўполонда эзилиб кетди”,- дейди суҳбатдош аёл.

Бошқа бир аёл эса милиция ходимлари шу вазиятдан ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётгани, танишларига бочка-бочка ёғ олиб бераётганини айтади.

“Имомали Раҳмон Хўжандга келади деб, Даштак кўчасидан Арбобгача ҳамма ёқни безаб, ранглаб чиқишяпти. Бу ҳашаматнинг халққа нима кераги бор? Ун, ёғ, гўшт ва гуруч арзон бўлса, етади. Халқнинг бойигани шу. Бошқа нарса керак эмас”,- дейди аёл.
XS
SM
MD
LG