Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:13

Тожиклар Тошкентга янги делегация жўнатди


Тожикистоннинг “Барқи тожик” акциядорлик компанияси раиси Шарифхон Самиев бошчилигидаги янги делегацияси Зарафшон дарёсида ГЭСлар каскади қуриш масаласини муҳокама қилиш учун Тошкентга йўл олди.

Бу сўнгги бир ҳафта ичида Тожикистоннинг бу масалада Тошкентга келган иккинчи делагациясидир. Бундан олдин Ўзбекистон томони таклифи билан Тошкентда бўлган Тожикистон Ташқи ишлар, Энергетика ва саноат, Сув ва мелиорация вазирликлари ҳамда “Барқи тожик” компанияси вакилларидан иборат делагация бирор келишувга эриша олмай, Душанбега қайтиб келди.

Ташқи ишлар вазирлиги 3 кун давом этган бу музокаралар нега муваффақиятсиз бўлгани юзасидан изоҳ бергани йўқ. Мазкур музокараларда иштирок этган делегация аъзоларидан бири, “Барқи тожик” компанияси бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гулов сўзлашувлар бесамар бўлганини тан олди ва 12 ноябрь куни иккинчи делегация Тошкентга йўл олганини тасдиқлади.

“Ўзбекистон томони Зарафшон дарёсида қурилиши режалаштирилган ГЭСлар каскадига оид лойиҳалар бетараф халқаро ташкилотлар, жумладан, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки экспертлари текширувидан ўтказилишини талаб қилмоқда. Улар бу лойиҳалар минтақада экологик хавф туғдирмаслигига ишонч ҳосил қилгандагина Тошкент мазкур гидроэнергетик иншоотлар қурилишига қаршилик қилмаслигини билдирди”,- деди Р.Гулов.

У Тожикистон ҳам ўз талабларини ўртага ташлаганини маълум қилди, аммо бу таклифлар нимадан иборатлигига ойдинлик киритмади.

Тожикистондаги таҳлилчилар кўплаб можароларга сабаб бўлаётган ГЭСлар каскади масаласи аслида Ўзбекистонга зарар келтирмаслигини таъкидлаётир.

Мустақил кузатувчи Ғуломиддин Сайфиддинов Тожикистоннинг режаси бу каби катта баҳсларга арзимаслигини айтди.

“Зарафшон дарёсида 14 та кичик ГЭС қурилиши режалаштирилган. Бу ГЭСлар бошқа йирик ГЭСлар каби катта сув омборларига эга бўлмайди. Уларнинг сув омборларида бир кеча-кундуз давомида сув захира қилинади, кейин қўйиб юборилади. Зарафшон дарёсидаги бу гидроэнергетик иншоотлар Ўзбекистонда қурғоқчиликни келтириб чиқаришига оид гаплар асоссиздир”,- деди Ғ.Сайфиддинов.

Унинг таъкидлашича, ҳали шўролар давридаёқ лойиҳалаштирилган бу энергетик иншоотлардан айримларининг сув омборларига насос ташланиб, суви Ўратепа минтақасидаги катта ерларни суғоришга сарфланиши кўзда тутилган. Лекин бу икки давлат учун ҳам электр қуввати муаммо бўлмаган мавсумларда амалга оширилади ва ҳеч қайси томонга сув муаммосини яратмайди.

“Менимча, Ўзбекистон Тожикистоннинг бу лойиҳалари билан яхши таниш эмас ёки турли баҳоналар билан жаҳон ҳамжамиятини чалғитишга уринмоқда. Чунки қўшни давлат Тожикистоннинг энергетика мустақиллигини қўлга киритишидан манфаатдор эмас”,- деди Ғ.Сайфиддинов.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги масъуллари эса ўзбекистонлик ҳамкасблари билан музокаралар давом этаётганини таъкидлаб, мавжуд муаммолар яқин кунларда ижобий ҳал бўлишига ишонч билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG