Линклар

Ёшлар ўртасида қанд касалига чалиниш ҳолатлари кўпаймоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозир мамлакатда қанд касалига чалинганлар сони тахминан 16 минг киши бўлиб, улар орасида болалар ва ўсмирлар жуда кўпчиликни ташкил этади.

Республика эндикринология маркази бошлиғи профессор Шакархон Анварова сўнгги йилларда болалар ва ўсмирлар орасида қанд касалига чалинаётганлар тобора кўпайиб бораётгани, уларнинг 80 фоизи бу касалликнинг иккинчи гуруҳига мансублигини билдирди.

Ташқи муҳит таъсири, стресс, қаттиқ қўрқиш ва рационал оақатланмаслик, боланинг она сутидан вақтли ажратилиши каби ҳолатлар туфайли юзага келадиган қанд касаллигига чалинганлар шу гуруҳга киритилади. Бу гуруҳга мансублар инсулинга қарам бўлиб қолади.

“Жорий йилда мутахассисларимиз ўтказган тадқиқот натижаларидан қанд касали билан оғриганлар мамлакатимизнинг пахта етиштирувчи туманларида кўпроқ учраётгани аниқланди. Чунки бу туманлардаги пахта далаларига самолётлар ёрдамида кимёвий моддалар сепилади. Пахта далаларида, асосан, болалар меҳнатидан фойдаланилади. Заҳарли моддалар билан суғорилган далада эртаю кеч ишлаш болалар ва ўсмирларнинг қанд касалига чалинишига олиб келмоқда”,- дейди Шакархон Анварова.

Республика эндикриноголия марказида даволанаётган Дилафрўз эндигина ўн баҳорни қаршилаган. У тўрт йилдан бери инсулинга қарам.

“Касаллик дарсларни ўзлаштиришимга халақит беряпти. Қандим ошиб кетган пайтларда ўзим оёқ ва қўлларимга инсулин укол қиламан. Инсулинни бизга халқаро ташкилотлар текин тарқатади”,- дейди Дилафрўз.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, қанд касалига чалинган беморларга тарқатилаётган инсулиннинг катта қисми халқаро ташкилотлар молиявий кўмагида мамлакатга келтирилади. Ҳар бир беморнинг мавсумий даволаниши учун 250 доллар миқдорида маблағ талаб қилинади. Тожикистон ҳукуматида барча беморларни бепул дори билан таъминлаш учун бунча катта маблағ йўқ.
XS
SM
MD
LG