Линклар

Чегарада икки давлат фуқароларига икки хил муносабат


Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги жорий йилнинг сўнгги 10 ойи давомида мамлакатга легал равишда 2 миллион хорижий фуқаро келганини маълум қилди. Уларнинг аксари ўзбекистонликлардир.

“Озодлик” мухбири куни-кеча ўзбек-қозоқ чегарасидан ўтиб, Олмаотага келган ўзбекистонлик билан суҳбатлашди.

Унинг айтишича, чегарадан ўтиш пунктида одам кўплигидан йўлакда ҳам жой қолмаган. Ҳар бир ярим соатда бор-йўғи 4-5 одам ўтказилади. Чегарадан ўтказиб қўйиш билан шуғулланадиган махсус одамлар бу ҳолатдан жуда самарали фойдаланади.

“Қозоғистон билан чегарада одамларга нисбатан ҳурматсизлик, лоқайдлик, ишга совуққонлик билан ёндашувга гувоҳ бўласиз”,- дейди суҳбатдош.

Унинг таъкидлашича, ўзбек-қозоқ чегарасида ўзбекистонликларнинг чегарадан ўтиш жараёни қозоғистонликларга нисбатан анча мушкул. Яъни бир чегарадан ўтаётган икки давлат фуқароларига яратилган шароит бир-биридан тубдан фарқ қилади.

“Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари бошқа-бошқа йўлаклардан ўтади. Қозоғистон фуқароси бўлсангиз, чегарадан тез ўтасиз. Ўзбекистонлик бўлсангиз эса ўша ерда 3 соатлаб қолиб кетасиз”,- деди суҳбатдош.

Бошқа бир ўзбекистонлик суҳбатдош ҳозир чегарадан ҳар икки томонга ўтаётганларнинг асосий қисми ўз юртдошлари экани, улар орасида кексаю ёш, аёлу болалар борлигини билдирди.

“Чегарадан ўтишда атайин шундай қийинчилик яратиляпти. Чегарачилар бу ердан ўтказиб қўйиш билан шуғулланувчи махсус кишилар билан тил бириктириб ишлайди. Чегарадан одам ўтказиш катта бизнесга айланган. Бизнинг Олмаотага келишимиз 50 долларга тушяпти. Беғалва ўтайлик, деб пул беришга мажбурмиз”,- деди ўзбекистонлик суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG