Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:21

Озарбойжон журналистларни қамашда етакчига айланди


Озарбойжонда сўнгги бир ой ичида учинчи журналист ҳибсга олинди. Бу билан мамлакатда жазога тортилган журналистлар сони 9 тага етди ва Озарбойжон журналистларни қамоққа тиқиш бўйича Европа ҳамда Марказий Осиёда етакчи давлатга айланди.

Мамлакатдаги нуфузли “Озодлик” мухолиф нашри муҳаррири Қанимат Зоҳидов “безорилик” ва бошқа шахсга енгил тан жароҳати етказиш айби билан ҳибсга олинди. У ўз газетасининг Бакудаги таҳририяти ёнида бир эркак ва бир аёл билан жанжаллашиб, муштлашди, деган айб билан қўлга олинган. Агар бу айбловлар ўз исботини топса, у 6 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Унинг сафдошлари ва журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар аслида бу жанжал уюштирилган томоша экани, Қ.Зоҳидовнинг ҳибсга олиниши кўпроқ сиёсий сабабларга эгалигини айтмоқда. Жумладан, қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси бу борада тарқатган баёнотда: “Аввалига полиция Қ.Зоҳидовни можаронинг жабрдийдаси сифатида чақирган эди. Аммо икки соатлик суҳбатдан сўнг у гумонланувчи сифатида ҳибс этилди. Полиция уни тўхтовсиз 9 соат сўроққа тутди ва бу сўроқда журналистнинг адвокати иштирок этмади”, дейилади.

Журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси ижроия директори Жоэл Саймон Озарбойжон полициясини журналистга қўйилган айбловларни бекор қилишга чақириб: “Биз Озарбойжон ҳукуматининг мухолиф журналистлар фаолиятига барҳам бериш учун сохта айбловлар қўллашдек ҳаракатидан қаттиқ ташвишдамиз”, дея баёнот берди.

Қ.Зоҳидов президент Илҳом Алиев режимининг кучли танқидчиларидан биридир. Шу боис, АҚШнинг Бокудаги элчиси Анна Дерсе мамлакатдаги мустақил матбуотга қарши бу ҳаракатларни кескин қоралади.

“Матбуотга қарши авж ола бошлаган бу кампания фақатгина мамлакатни ожизлаштиради, дунё саҳнидаги нуфузини туширади. Менимча, мен учрашган, суҳбатлашган, мамлакат ривожланиши, келгусида унинг ҳақиқатда мустақил, замонавий, асл демкоратик бўлишини истовчи аксар озарбойжонликлар АҚШнинг озар журналистларига қарши босимни тўхтатиш тўғрисидаги чақириғига қўшилади”,- деди элчи.

Қ.Зоҳидов сўнгги ойлар ичида Озарбойжон ҳукумати вакиллари билан бир неча бор жиддий зиддиятларга борган эди. Жумладан, мамлакатнинг иқтисод вазири сентябрь ойида Қ.Зоҳидовни “Озодлик” газетасида чоп қилинган мақоласи учун айблаганди. Кейин эса октябрь ойида полиция расмийларидан бири уни кескин айблаб чиқиш қилди. Қ.Зоҳидовнинг укаси – Озарбойжонда таниқл сатирачи Мирза Соқит Зоҳидов эса гиёҳвандлик моддалари савдосида айбланиб 3 йилга қамалган. Унинг ҳуқуқий ҳимоячилари бу ҳам сохта айблов эканини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG