Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:53

Аҳмадийнажот “хоинлар”ни огоҳлантирди


Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот душанба куни Теҳрондаги Технология университетида қилган чиқишида мамлакат ядровий дастури борасида “хоинлик позицияси”ни тутаëтганларни кескин қоралади.

Президент агар улар Теҳрондан ўз ядровий сиëсатини ўзгартиришни талаб қилишни тўхтатмаса, бу сотқинлар номини элга ошкор этиб, уларни шармандаю шармисор қилишидан огоҳлантирди.

М.Аҳмадийнажотнинг бу баёноти мамлакат ядровий дастури борасида Теҳрон режими ичкарисида мавжуд зиддиятнинг янада кескинлашганини намоëн қилди.

Миллат хоини, деган айблов ва бундайларга нисбатан кўриладиган чоралар Эрон шароитида қанчалар қўрқинчли экани инобатга олинса, президент айблови зиддиятнинг энг авж нуқтага чиққанидан даракчи бўлиши мумкин.

Давлатга қарашли матбуотнинг ëзишича, айнан миллат хоинлари Ғарб давлатларини Эронга қарши халқаро санкцияларни кучайтиришга рағбатлантирмоқда.

Эрон президентининг ядровий сиëсатига очиқчасига қаршилик кўрсатиб келаëтганлар тепасида собиқ президентлар Али Акбар Ҳошимий-Рафсанжоний ва Муҳаммад Ҳотамий, шунингдек Ҳотамий даврида Эрон ядровий музокараларига бошчилик қилган Ҳасан Руҳоний турибди.

Теҳронлик ислоҳотпараст журналист Ҳасан Фатҳий М.Аҳмадийнажотнинг пўписаси айнан шу шахсларга қаратилганини айтади.

“Жаҳон ҳамжамияти Эрондаги мўътадил кучларнинг ядровий музокараларга жалб этилишини истайди. Мадомики жаноб Аҳмадийнажот хоинлар номини элга ошкор қилиши мумкинлигидан даъво қилаëтган экан, бу номларнинг айнан шу уч шахс номи бўлишини англаш қийин эмас. Рафсанжоний, Ҳотамий ва Руҳоний қайта-қайта - бирда дангалига, бирда нозик ишоратлар билан М.Аҳмадийнажот юритаётган ядровий сиëсатга қарши эканини айтган”,- дейди теҳронлик журналист.

Унинг билдиришича, ўтган ойда қилган чиқишларидан бирида Ҳасан Руҳоний Эроннинг халқаро саҳнада мисли кўрилмаган таҳдид остида қолгани ва бунинг учун ядровий дастур борасидаги музокараларнинг мағлубиятга учраганини танқид қилган эди.

Кузатувчилар бу ҳолат М.Аҳмадийнажот сиёсати танқидчилари сафи кун сайин кенгайиб бораётганидан дарак эканини айтмоқда.

“Мўътадил исломий партиялар ичида Эрон учун асосий таҳдид Ғарб эмас, балки мамлакат раҳбарининг ташвишга лойиқ, авантюристик сиëсати эканини таъкидлаëтганлар сони ошмоқда”,- дейди Ҳасан Фатҳий.

Қолаверса, Эроннинг Ғарб давлатлари билан ядровий музокаралардаги бош вакили Али Ларижонийнинг ўтган ойда кутилмаганда истеъфога чиқарилиши ҳам М.Аҳмадийнажот сиëсатига нисбатан ички норозилик аломати сифатида кўрилмоқда.

Афтидан, Али Ларижонийнинг бош музокарачиликдан четлатилганини хушламаганини кўрсатиш истагида Эрон олий руҳонийси Али Ҳуманаий уни дарҳол ўзининг халқаро ҳамжамият билан ядровий сўзлашувлардаги хос вакили этиб тайинлади.

Журналист Ҳасан Фатҳий Али Ларижоний ўрнига М.Аҳмадийнажотнинг яқин иттифоқчиси Саид Жалолийнинг тайинланиши ядровий музокаралар янада кескинлашуви ва самара бермаслигини таъминлашини таъкидлади.

“Биз халқаро ҳамжамиятга ядровий дастур борасида муроса таклиф этмагунимизча, халқаро жамоатчилик бизга муроса қўлини узатмаслигини тан олмоғимиз лозим. Агар кимдир муросага бормасдан туриб, қарши томонни муросага мажбурлаймиз, деб ўйласа, бундай одам ë халқаро дипломатик жараëнлардан бехабар, ëхуд у Эронни супердавлат билиб, қолган дунë унинг айтганини қилишга мажбур, деган ўйда юрган хаëлпарастдир”,- дейди Ҳасан Фатҳий.
XS
SM
MD
LG