Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:02

Душанбеда портлаш юз берди


Душанбе шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида жойлашган Коҳи Ваҳдат саройида юз берган портлашда бир киши ҳалок бўлди. Портлаш террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланмоқда.

Душанбе шаҳри прокурори Қурбонали Муҳаббатовнинг билдиришича, 14 ноябрь куни маҳаллий вақт билан эрталаб 8 ларда бино ҳудудини кўздан кечириб юрган Иброҳим исмли қўриқчи сарой раҳбари Холмуҳаммад Исоевнинг иш кабинети деразаси тагида ётган шубҳали елим пакетни қўлга олиши билан кучли портлаш юз берган. Қўриқчи воқеа жойида ҳалок бўлган, бинога эса жиддий зарар етган.

Шаҳар прокурори ушбу портлаш террорчилик хусусиятига эга эканини маълум қилди.

“Мазкур воқеа юзасидан Жиноят кодексининг терроризм моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда прокуратурамиз вакиллари мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси тезкор гуруҳи ходимлари билан биргаликда тергов ишлари олиб бормоқда. Портлатилган модда ва унинг кучи ҳақида аниқ далиллар йўқ”,- деди Қурбонали Муҳаббатов.

Унинг айтишича, шаҳарда “Қўлга олиш” операцияси эълон қилиниб, шубҳали кўринган барча кишилар текширувдан ўтказилмоқда.

“Коҳи Ваҳдатга етган пайтимда кучли портлаш рўй берди. Бир зум ўрнимда туриб қолдим. Бирпасдан сўнг ўзимга келиб атрофга қарадим, ерда қонга беланган бир жасадга кўзим тушди, назаримда у титилиб ҳам кетган эди. Мен уни танидим , ўлган киши Ваҳдатда қўриқчи бўлиб ишлар эди”,- дейди портлашга бевосита гувоҳ бўлганлардан бири.

Кўҳи Ваҳдат саройи Душанбе марказидаги Рудакий кўчасида жойлашган. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон раислигидаги Халқ демократик партияси идораси бинонинг иккинчи қаватида жойлашган. Кўплаб халқаро анжуманлар айнан шу бинода ўтказилади.

Жумладан, 14 ноябрь куни ҳам бу ерда мамлакат бош вазири, шунингдек, минтақа давлатлари фавқулодда вазиятлар вазирлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида Марказий Осиёда табиий офатларнинг олдини олиш мавзуига бағишланган халқаро анжуман бўлиши керак эди.

Портлаш сабабли меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида халқаро анжуман бошқа жойга кўчирилди.

Тожикистон пойтахтида ўтказиладиган тадбирларга таклиф қилинган хорижий меҳмонларнинг 80 фоизи Коҳи Ваҳдат рўпарасидаги “Авесто” меҳмонхонасида жойлаштирилади. Маълум бўлишича, портлаш юз бергандан сўнг кўпгина хорижий меҳмонлар бошқа меҳмонхоналарга кўчирилган.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси Коҳи Ваҳдат қасридан тахминан 60 метрча масофада жойлашган. Портлаш юз берган соатларда элчихона ходимларининг хизмат машиналари ҳамда виза учун келган фуқаролар айнан сарой олдидан ўтиб турган. Лекин уларнинг бирортасида зарар етмагани хабар қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG