Линклар

Саакашвили сайловни бекорга эрта ўтказмаётган кўринади

  • Замира Шукур

Мухолифатнинг норозилик намойишини куч билан бостирган Грузия президенти Михаил Сааакашвилининг мамлакатда президент сайловини 5 январга кўчириш қарори аввалдан ўйланган режа бўлиши мумкинлиги тахмин қилиняпти.

7 ноябрь куни мухолифат намойиши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина таёқлар воситасида тарқатилгандан, мустақил телестанциялар вайрон қилингандан сўнг М.Саакашвилининг президент сайловини 5 январга белгилаш қарори дастлаб мамлакатда юзага келган сиёсий бўҳрондан чиқишнинг муросавий йўли сифатида талқин қилинган эди. Энди эса кузатувчилар бу қарор аввалдан ишлаб чиқилган режа ва муросадан кўра ҳисоби олинган таваккалчилик эканини таъкидламоқда.

Айрим мустақил кузатувчилар фикрича, М.Саакашвили ва унинг тарафдорлари бу сценарийни грузин мухолифати 2 ноябрь куни мамлакатда муддатидан аввал президент эмас, балки парламент сайлови ўтказилиши талаби билан 100 мингдан ошиқ одамни намойишга олиб чиққан куниëқ ишлаб чиққан ва айни шу сценарийни амалга ошириш учун ҳам намойишчиларга 7 ноябр куни куч қўллаб, мамлакатда фавқулодда ҳолат ўрнатган бўлиши мумкин.

“Озодлик” шарҳловчиси Лиз Фуллернинг таъкидлашича, бундай сценарий бир неча жиҳатдан М.Саакашвили манфаатларига хизмат қилади.

Биринчидан, президент сайловини кутилмаганда 5 январга белгилаш тарқоқ ва уюшмаган грузин мухолифатининг ягона кучли номзодни ўртага чиқаришига деярли вақт қолдирмайди.

Иккинчидан, Грузиядаги мустақил ва мухолифатга мойил телестанцияларнинг хавфсизлик кучлари томонидан ҳеч қандай ҳуқуқий асоссиз, фавқулодда ҳолат ҳали эълон қилинмай туриб вайрон этилиши мамлакат аҳолисини мустақил ахборот манбаидан айнан сайлов жараëнида маҳрум қилди. Вайрон этилган “Имеди” ва “Кавказия” телеканалларининг мухолифат номзодини халққа танитиш учун минбар бўлиши инобатга олинса, бу станцияларни бир неча ойга ишдан чиқариш билан М.Саакашвили ўзи билан беллашадиган мухолифат номзодини бу имкондан олдиндан маҳрум қилди.

Учинчидан, сайловнинг 5 январда ўтказилиши М.Саакашвилининг асосий рақибига айланган собиқ мудофаа вазири Ираклий Окруашвилининг сайловда қатнашишига ҳуқуқий асос бермайди. Грузия конституциясига кўра, президентликка номзод 35 ëшга тўлган бўлиши лозим. И.Окруашвили эса фақат келаси ноябрдагина 35га киради.

Ва ниҳоят, М.Саакашвили муддатидан аввал сайлов ўтказиш орқали бир ўқ билан икки қуëнни уришга – ҳам президентликни сақлаб қолиш, ҳам ўзининг демократ сифатидаги имижини қайта тиклашга муваффақ бўлиши мумкин.

Аммо ҳозирча бу сценарийнинг айнан М.Саакашвили кўзлаëтгандек амалга ошишини мураккаблаштираëтган бир жиҳат бор. Бу М.Саакашвилининг Грузия сайловчилари орасида қанчалар машҳур бўлиб қолаëтгани, 7 ноябрь воқеалари, муҳими эса аксар грузинларнинг иқтисодий турмушини яхшилаш ва коррупцияга қарши курашиш ҳақидаги ваъдаларнинг ижросиз қолаëтгани сайловчилар қарорига қанчалик таъсир кўрсатгани масаласидир.

Афтидан, М.Саакашвили бу таваккалчиликнинг қанчалик кучли ëхуд кучсиз эканини олдиндан ҳисоб-китоб қилган ва 5 январгача грузинлар олдида мендан яхшироқ номзодни танлаш имкони бўлмайди, деган тўхтамга келган кўринади.

Грузия конституциясига мувофиқ номзод сайловчиларнинг ярмидан кўпроғи овозини олса, президентликка сайланади. Сайловда қанча сайловчи қатнашиши эса ҳисобга олинмайди.
XS
SM
MD
LG