Линклар

“Вимпелком” Ўзбекистон бозорига 3G стандартини олиб кирмоқчи

  • Ҳурмат Бобожон

Россиянинг йирик мобил алоқа оператори – “Билайн” савдо маркаси остида фаолият юритадиган “Вимпелком” компанияси Ўзбекистонда 3G стандартида алоқа хизмати кўрсатиш лицензиясини қўлга киритди.

Учинчи авлод мобил телефонлари учун мўлжалланган 3G стандарти юқори тезликда ахборот алмашиш ҳамда мультимедия хизматлари ва ҳатто видеоалоқа қилиш имконини беради. Аммо Ўзбекистонда 1,5 миллиондан ортиқ мижозга эга “Вимпелком” янги тармоқ қачон ишга туширилишини маълум қилмаяпти.

“Вимпелком” йириклиги жиҳатдан Ўзбекистонда иккинчи ўринда турувчи “Юнител” мобил алоқа компаниясини 207,7 миллион долларга ва тўртинчи ўринда турувчи “Бакри Ўзбекистон Телеком” (“Бузтел”) ширкатини 62,4 миллион долларга сотиб олиш орқали Ўзбекистон бозорига кириб келган эди. Айни пайтда у “Билайн” савдо белгиси остида Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг учдан бир қисмини назорат қилади.

“Вимпелком” вакиласи Юлия Остроухованинг билдиришича, компания МДҲ мамлакатлари ичида биринчи бўлиб Қозоғистон бозорига кириб келган. У ерда “Картел” ширкатини сотиб олган. Кейинчалик Украина ва Тожикистон бозорларига кириб борган.

Юлия Остроухованинг таъкидлашича, Ўзбекистон мобил алоқа бозори катталиги бўйича Украина ва Қозоғистондан сўнг МДҲда учинчи ўринда туради. Эндиликда Ўзбекистонда 3G стандартида алоқа хизмати кўрсатиш лицензиясини қўлга киритган “Вимпелком” ўз мижозлари сонини яна оширишни мўлжалламоқда.

Ўзбекистонда бугунга келиб 5 та уяли мобил алоқа компанияси фаолият юритади. Ушбу компаниялар хизматларидан эса 4 миллион 570 минг одам фойдаланади.
XS
SM
MD
LG