Линклар

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг 15 октябрь кунги Люксембургдаги йиғилишида Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган жазо чораларига оид қабул қилинган қарор 13 ноябрь куни кучга кирди.

15 октябрь кунги қарорга кўра, Ўзбекистон ҳукуматига қарши қўлланган қурол эмбаргоси ва 2005 йил 13 майда Андижондаги тинч намойишчиларга номутаносиб куч ишлатилиши ва мустақил текширув ўтказишга тўсқинлик қилишга масъул кўрилган мулозимларга виза чеклови яна бир йилга узайтирилган эди. Бироқ айни қарорга кўра, Ўзбекистон расмийларини инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашга рағбатлантириш мақсадида ва Ўзбекистон расмийлари ўз зиммасига олган мажбуриятларни инобатга олган ҳолда узайтирилган виза чеклови олти ойга вақтинчалик тўхтатилган.

Европа кенгаши эълон қилган баёнотда айтилишича, белгиланган муддат тугагунча, Ўзбекистон расмийлари ўз зиммасига олган мажбуриятларни қандай бажарганига қараб кейинги қарор қабул қилинади.

Юқорида айтилганидек, Европа кенгашининг 13 ноябрь кунги қарорига кўра, жазо чоралари, жумладан, қурол эмбаргоси ва расмийлар учун виза чеклови яна бир йилга узайтирилди ва айни пайтда виза чеклови олти ойга вақтинча тўхтатилди.

Хўш, бу нима дегани? ЕИ инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш ўрнига тобора ёмонлаштираётган Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан кескинроқ позицияни эгалламоқдами ёки Тошкентнинг инсон ҳуқуқларини яқинда ҳурмат қила бошлаши борасидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олгани учун жазо чораларини юмшатмоқдами?

Лондондаги халқаро муносабатлар қироллик институтининг Марказий Осиё бўйича эксперти, профессор Юрий Фёдоров “бундай бемаъни қарор нимани англатишини ЕИнинг ўзи ҳам яхши тушунмаса керак”лигини билдирди.

“Европа ўзининг асосий қадриятлари бўлмиш инсон ҳуқуқлари ва демократия устиворлигига нисбатан бундай принципсизлик қилиши кўпинча уларнинг ўзини боши берк кўчага олиб келиши ва акс натижа бериши тарихдан маълум. ЕИ Ислом Каримовнинг ўз манфаатларидан келиб чиқиб позициясини ва давлат сиёсатини тез-тез ўзгартириб туришдан тап тортмайдиган сиёсий арбоб эканини яхши билиб қолгани учун шундай тутуруқсизлик қиляпти. Агар европаликлар истиқболда Ўзбекистон газ секторини ривожлантиришга жиддий сармоя ётқизишга тайёрлигини кўрсатса, И.Каримовнинг ЕИга мулозамат қила бошлашига ҳеч кимда шубҳа йўқ, албатта. Асосий масала ким қандай нарх беришида, яъни ким кўпроқ пул берса, ўша ютиб чиқади”,- дейди лондонлик таҳлилчи.

Унинг қўшимча қилишича, шу нуқтаи назардан, энергетик хавфсизлик ва табиий бойликлар борасида Россияга тобеликдан қутулиш каби масалалар долзарб бўлиб турган ЕИ табиий захиралари улкан бўлган Ўзбекистонга нисбатан қамчи ва ширин кулча сиёсати эмас, балки муросачилик сиёсатини юргизиш мақбулроқ бўлади, деб ўйлаётган бўлиши мумкин.

“Европаликларнинг бундай ёндашувига яна бир сабаб шуки, Андижон воқеаларидан кейинги шок ҳолати секин-аста ўтиб боряпти. Қонли воқеалар рўй бергани унутилган сари муносабатлар ҳам юмшаб боряпти”,- дейди Юрий Фёдоров.
XS
SM
MD
LG