Линклар

Покистондаги кескинликни юмшатишга АҚШ консули ҳам қўшилди

  • Замира Шукур

Покистонда сиëсий бўҳрон тобора чуқурлашиб бораётган шу кунларда АҚШнинг Лаҳордаги консули Покистон мухолифатининг уй қамоғида сақланаётган етакчиси Беназир Бҳутто билан учрашди.

Покистоннинг собиқ бош вазири Б.Бҳутто пайшанба куни президент Парвез Мушаррафдан зудлик билан истеъфога чиқишни талаб қилди ва ўтиш даврида мамлакатдаги барқарорликни таъминлаш учун миллий бирдамлик ҳукумати тузиш таклифини илгари сурди.

Лаҳордаги уйида уй қамоғида қолаëтган Б.Бҳутто мухолифат гуруҳлари билан сўзлашувлар ўтказаëтгани ва уларнинг аксарияти ўтиш даври ҳукуматига қўшилиш истагида эканини билдирди.

“Президент ҳокимиятдан кетишга розилик берса, на мен ва на салафларим П.Мушарраф ва унинг тарафдорларидан ўч олиш ниятидан йироқмиз. Бугун Покистон ўз яраларига малҳам қўйиши лозим. Покистон бугун ўзини қутбларга ажратаëтган чизиқларни ўчириб, ўтмиш саҳифасини ëпмоғи керак. Мен ва партиям мамлакатни янада бўлиб юборадиган судлов ва бошқа ҳуқуқий жараëнлардан кўтарилмоғимиз ва Покистонни қайта бирлаштирмоғимиз лозим”,- деди Б.Бҳутто.

Аммо ҳозирча П.Мушарраф ҳокимиятдан кетиш талабларини рад этмоқда. Ноябрь ойи охирида Покистон Қуролли кучлари бош қўмондони лавозими ва ҳарбий мундиридан воз кечажагини билдирган президент ҳокимиятдан кетса, мамлакат беқарорлик домига тортилишидан огоҳлантирмоқда.

“Покистондаги мувозанат ва барқарорликка хизмат қилиш йўли топилган кун ўз вазифамдан кетишим учун энг яхши фурсат бўлади. Агар ҳокимиятдан кетишим Покистонни бошбошдоқлик домидан сақлаб қолиб, мамлакатда сайлов ўтказилиши ва сайланган ҳукуматнинг келишига хизмат қилса, бу вазиятдан чиқишнинг энг яхши йўлидир”,- деди П.Мушарраф.

Мухолифат етакчилари ва расмийларнинг мана шундай баёнотлари манзарасида АҚШнинг Лаҳордаги бош консули Брайан Ҳант Беназир Бҳуто билан учрашди.

“Мен собиқ бош вазирга АҚШ ҳукуматини фавқулодда ҳолатнинг сақланиб қолаëтгани ташвишга солаëтгани, Покистон ҳукумати мамлакатда нормал демократик тартибни зудлик билан қайта тиклаши лозимлиги ва назаримизда президентнинг бош қўмондонликдан истеъфо бериб, Покистонда белгиланган вақтда эркин ва адолатли сайлов ўтказилиши кераклиги ҳақидаги қарашларимизни етказдим”,- деди Б.Ҳант.

Шунингдек, консул Исломобод раҳбариятидан Б.Бҳутто каби сиëсий маҳбусларни зудлик билан озод этишни ҳам сўради.

Мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги муносабатлар янада кескинлашиб бораëтган бир кезда Карачида Б.Бҳутто тарафдорлари билан ҳукумат кучлари ўртасида тўқнашув юз берди. Б.Бҳуттонинг уй қамоғида сақланаëтганига норозилик билдирган намойишчилар кўздан ëш оқизувчи газ воситасида тарқатиб юборилди.

Айнан Карачида номаълум шахслар очган ўтдан 11 ва 12 яшар икки бола нобуд бўлди ва кузатувчилар фикрича, бу ҳам парокандалик домига тортилаëтган Покистон учун дард устига чипқон бўлган.
XS
SM
MD
LG