Линклар

logo-print

“Лукойл” ўзбекларга таппи қолдиришни бошлади

  • Замира Шукур

“Лукойл” компаниясининг хориждаги лойиҳаларини бошқарадиган “Лукойл Оверсиз” холдинги баёнотига кўра, 8 ноябрдан бошлаб Бухоро вилоятида жойлашган “Ҳовзақ” газ участкасидан Денгизкўл-Муборак қувури орқали узлуксиз газ узатиш йўлга қўйилган.

“Лукойл оверсиз” ширкати матбуот котиби Григорий Волчекнинг “Озодлик”ка айтишича¸ “Ҳовзақ” участкасидан биринчи йили 3 миллиард куб метр газ қазиб олинади ва бу рақам муттасил ўсишда давом этади. 2012-13 йилга бориб эса олинадиган газ миқдори 11-12 миллиард куб метрни ташкил этади.

“Бу ерда гап катта миқдордаги газ устида боряпти ва шу боис, “Ҳовзақ” участкасининг ишга туширилиши “Лукойл” учун алоҳида қимматга эга. “Ҳовзақ”ни ўзлаштиришда оператор ҳам ўзимиз, таъминотчи ва сармоядор ҳам ўзимиз”,- деди Г.Волчек.



У тақдим этган маълумотларга кўра, “Ҳовзақ” участкаси бўйича разведка ишлари ўтган асрнинг 60-йилларида ўтказилган. 70-йилларда участкани ўзлаштиришни лойиҳалаш бошланиб, 80-йиллар бошида ниҳоясига етган. Аммо кейинги 25 йил ичида “Ҳовзақ” пайдо бўлган қўшимча мураккабликлар, талаб этилган қўшимча харажатлар, газ таркибида олтингугурт водородининг ўта кўплиги каби талай муаммолар сабабли консервация қилинган.

“Ўз тақдирини 25 йил кутган “Ҳовзақ”ни “Лукойл” “Ўзбекнефтгаз” билан ҳамкорликда янги ривожланиш, янги технология даврида пайдо бўлган янги молиявий-ташкилий асосда фойдаланишга топширишга муваффақ бўлди”,- дейди Григорий Волчек.

“Лукойл” расмийсининг билдиришича, “Ҳовзақ” участкасидан газ узатишнинг бошланиши 2004 йил ноябрда имзоланилган Қандим-Ҳовзақ -Шоди-Қўнғирот келишувининг бир қисми амалга ошганини англатади ва лойиҳанинг давоми устидаги ишлар режадагидек бормоқда.

35 йилга имзоланилган мазкур келишувга кўра, “Лукойл” келишув доирасидаги конлардан 207 миллиард куб метр газ ўзлаштиришни режалаштирмоқда.

Бундан бир неча йил аввал Ўзбекистонда йилига 50 миллиард кубометр газ ўзлаштирилар ва унинг қарийб 45 миллиарди мамлакат ички эҳтиëжларини қоплашга кетар эди. Ўзбекистон иқтисодий ҳаëтига оид аниқ рақамларни олиш иложи бўлмаса-да, бугунга келиб бу кўрсаткичнинг кескин ўзгармаганини тахмин қилиш мумкин.

“Шу нуқтаи назардан, “Лукойл” биргина участкадан йилига 11-12 миллиард куб метр газ қазиб олиш ҳақида гапираëтган экан, бунинг ширкат учун сердаромад лойиҳа эканини англаш қийин эмас”,- дейди Туркманистоннинг собиқ нефть ва газ вазири.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг “Лукойл” ва “Газпром” компаниялари Ўзбекистонда янги газ конларини топиш ва ўзлаштириш эмас, балки разведка жараëнини ниҳоясига етказиш ва ўзлаштиришнигина талаб қиладиган конлардаги айрим участкаларни сотиб олмоқда. Ўзбекистон ҳукуматида бунинг учун талаб этиладиган каттагина маблағ бўлмагани учун улар тайëр конларни “Лукойл” ва “Газпром”га сотиб юбормоқда. Россия ширкатлари эса кондаги газни қазиб олиш ва уни магистрал йўналишга олиб чиқиш учун қувурлар ëтқизиб, ўзбек газини сотиш ҳаққини 100 фоиз қўлига олмоқда.

“Лукойл” президенти Вагит Алекперовнинг таъкидлашича, Ўзбекистондан ўзлаштирила бошланган газни “Лукойл” Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаëқ “Газпром”га сотади.

Россия мутахассислари эса “Лукойл” ўзбек газининг ҳар минг куб метрини “Газпром”га 100 доллардан сотаëтганини айтмоқда.

Бу эса “Ҳовзақ” ва бошқа конлардан олинаëтган газнинг эгаси Ўзбекистон эмас, балки “Лукойл” эканини англатади, чунки Ўзбекистон ҳукумати ўз табиий бойликларини Россия ширкатларига аллақачон сотиб бўлганини айтади Туркманистоннинг собиқ нефть ва газ вазири.

Унинг сўзларига кўра, газни ўз ҳудудларидаëқ хориж ширкатига сотиб юбориш Ўзбекистон иқтисоди учун ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бунинг оқибатида мамлакатда ишсизлик янада кучаяди, қимматбаҳо бойлик сув текинга кетади ва Ўзбекистон дунë иқтисодий тизимига интеграциялашув имконини қўлдан бой беради. Чунки бугун ўзбек газини жаҳон бозорига олиб чиқаëтган Ўзбекистон эмас, балки “Газпром”дир.

“Бозорда Ўзбекистон алоҳида ўйинчи эмас экан, у ўз ëнилғисини сотиб олаëтган давлатдаги сармоя ва молиявий ресурсларга чиқиш имконига эга бўлмайди. Масалан, Ўзбекистон ўз газини “Газпром” билан биргаликда Россия ҳудудларида, ҳатто Россиянинг ички истеъмоли учун сотганида ҳам бу ўзбек иқтисоди учун фойдалироқ бўлган ва Россия билан иқтисодий интеграциялашувга имкон берган бўларди”,- дейди Туркманистоннинг собиқ нефть ва газ вазири.

Аммо Тошкент режими газни тайёр маҳсулот эмас, балки хом-ашë сифатида сотиб юбораётгани, бунинг учун Кремлдан ўзига сиëсий дивидент олаётганини айтади суҳбатдош.

“Буларнинг бари мавжуд режимни сақлаб қолишга хизмат қилади. Чунки бирор кор-ҳол рўй берса, Россия шундоққина Каримовнинг биқинида турибди, Европадагилардан фарқли ўлароқ, Кремль Ўзбекистонда бўлаëтган воқеаларнинг барига кўз юммоқда ва фақат Россия учун фойдали, узоққа кетадиган лойиҳаларни амалга оширмоқда”, - дейди Туркманистоннинг собиқ нефть ва газ вазири.

Фарғоналик Маъруфжон Абдураҳмонов бугунги кунда Ўзбекистон ўз газини Россияга сотаётгани оқибатида мамлакат халқи таппи ёқишга мажбур бўлаётганини айтади.

Аммо “Лукойл” расмийлари компаниянинг “Ҳовзақ” газ участкасини ишга туширгани Ўзбекистон бюджетига тушаётган солиқни кўпайтираётгани, бу эса мамлакат иқтисодиёти учун наф келтираётганини уқтирмоқда.
XS
SM
MD
LG