Линклар

logo-print

Тожикистон электр энергияси муаммосини ҳалигача ҳал қилгани йўқ

  • Гулнора Равшан

Туркманистондан электр энергиясини Ўзбекистон орқали Тожикистонга экспорт қилиш тўғрисида мазкур уч давлат ўртасида имзоланган шартнома ижросига шу кунгача киришилгани йўқ

Душанбеда Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти Интеграция қўмитаси ҳузуридаги Энергетика сиёсати кенгашининг 11-йиғилишида иштирок этган Тожикистон энергетика ва саноат вазири биринчи ўринбосари Пўлат Муҳиддинов шу ҳақда маълум қилди.

Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатларнинг энергетик интеграцияси йиғилиш кун тартибидаги асосий масала бўлди. Тузилма вакиллари ягона энергетика бозорини яратиш ва Марказий Осиё минтақасидаги сув ҳамда энергетика захираларидан унумли фойдаланиш тўғрисида имзоланиши кўзланаётган концепцияни муҳокама қилди.

П.Муҳиддинов Тожикистон ягона энергетика бозори яратилишидан манфаатдор эканини, аммо бу борада имзоланиши кутилаётган асосий ҳужжат атрофидаги баҳслар бу галги йиғилишда ҳам ҳал этилмай қолганини маълум қилди.

“Афсуски, Тожикистон таклиф қилаётган ҳужжатларни ташкилотга аъзо айрим давлатлар қабул қилишни истамаётир. Биз ягона энергетика бозори яратилишини жуда истаймиз. Бу бозорнинг ташкил этилиши мамлакатда электр энергияси муаммоларни бартараф қилишига ишонаман”,- деди П.Муҳиддинов.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистоннинг 1 октябрдан Туркманистондан йилига 1 миллиард 200 миллион киловатт соат электр қуввати қабул қилиш режаси шу кунгача амалга ошгани йўқ. Бунга Ўзбекистонда техник муаммолар пайдо бўлгани сабабдир.

“Ўзбекистон томони электр қуввати узатиш тармоғини яхшилаш учун биздан эҳтиёт қисмлар талаб қилган эди. Биз барча зарур эҳтиёт қисмларни қўшни давлат чегарасигача етказиб бердик. Аммо Ўзбекистон бу эҳтиёт қисмларни қабул қилган-қилмагани бизга ҳозиргача ноъмалум қолмоқда”, - деди П.Муҳиддинов.

Ўзбекистон вакили Исо Саъдуллоев эса туркман электр энергиясини Тожикистонга етказиб бериш фақат бир давлатга боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

“Барчага маълумки, бундан беш йил аввал Туркманистон электр узатиш тизими Марказий Осиё давлатлари умумий электр узатиш тизимидан узиб қўйилган эди. Ўтган давр мобайнида Қоракўл подстанциямиз анча фалажланиб қолган. Туркман электр қуввати айнан мана шу подстанция ёрдамида Тожикистонга узатилиши керак. Бир қатор муаммолар ҳал этилганига қарамай, айрим техник камчиликлар бор. Ҳозир ўзбекистонлик ва тожикистонлик мутахассислар подстанцияни тўла тиклаш ишларини бажармоқда”,- деди Исо Саъдуллоев.

У Туркманистондан Ўзбекистон орқали Тожикистонга электр энергияси узатиш қачон бошланиши борасида аниқ жавоб бера олмаслигини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон вакили Тожикистон Зарафшон дарёсида қуришни режалаштирган ГЭСлар каскади масаласига ҳам ўз қарашини баён қилди.

“Зарафшон дарёси Ўзбекистоннинг бешта вилоятидаги миллионлаб аҳолини ичимлик сув билан таъминлайди ва ўз-ўзидан маълумки, дарёда қурилиши кўзланган 14 та ГЭС мамлакатимизда сув етишмовчилигини келтириб чиқаради. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати ГЭСлар лойиҳаси билан танишиш, бу борада ўз муносабатини билдириш, минтақа экологияси хавфсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган таклифларни ўртага ташлашга ҳақли ҳисоблайман”,- деди Исо Саъдуллоев.
XS
SM
MD
LG