Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:47

Шанирақ можароси ҳали ҳам акс-садо бермоқда


Олмаота шаҳри чеккасидаги Шанирақ миттитуманида аҳоли ерларини тортиб олиш туфайли юзага келган можаро ҳали ҳам давом этмоқда. Бу борадаги суд қароридан норозилик билдириб, намойиш ўтказаётганлар ҳибсга олинаётир.

Ўтган йили Олмаота шаҳри маъмуриятининг Шанирақ миттитуманидаги қашшоқ аҳоли уйларини уларнинг хоҳишига қарши бузиб, уйлар жойлашган ерларни тижорат тузулмалари ихтиёрига ўтказиши, бундай адолатсизликка қарши бўлган бир неча кишининг ҳибсга олиниши шанариқликларнинг кучли норозилигига сабаб бўлганди. Аҳоли президент Нурсултон Назарбоев ҳамда Олмаота шаҳри ҳокими Имонғали Тасмағамбетов истеъфосини талаб қила бошлади. 2006 йилнинг июль ойида Шанирақ миттитумани аҳолиси ва полиция махсус отряди ўртасида тўқнашув содир бўлди.

Тўқнашувда бир нечта киши жароҳат олган, 3 полициячи гаровга олинган ҳамда бир полициячи одамлар томонидан устига бензин қуйилиб ёқиб юборилгани оқибатида ҳалок бўлган эди. Тинч аҳоли орасида қанча йўқотиш бўлгани эса ҳозиргача номаълумлигича қолмоқда.

Аммо шундан сўнг қаршилик акциясида иштирок этганларни ҳибсга олиш бошлаб юборилди. Ҳуқуқ-тартибот ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбланиб, 8 ой давомида ҳибсда сақланган 25 киши устидан ўтказилган суд жараёни бундан бир ой аввал якун топганди. Аммо шанирақликлар суд қароридан норози бўлиб, ҳали-ҳамон Олмаотада норозилик пикетлари ўтказмоқда. Ана шундай пикетларнинг бирида қатнашган мустақил журналист Айнур Қурманов жамоат тартибини бузиш айби билан 7 кунга озодликдан маҳрум этилди.

Ушбу пикетда иштирок этган Ризада Шахипбекнинг айтишича, расмий органлар норозилик пикетлари ўтказишга рухсат бермаётир, норозилар бир неча петиция бериб, шундан сўнг кўчага чиқишга мажбур бўлган.

Бу ишни кузатаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг билдиришича, уйларининг ноқонуний равишда бузилишига қаршилик кўрсатган аҳоли аввалига расмий органларга ёрдам сўраб мурожаат қилган, аммо улар талабига бефарқ бўлган расмийларнинг ўз ишига совуққонлиги халқнинг кўчага чиқишига туртки бўлган.

“Мустақил журналист Айнур Қурманов ва пикетга чиққанлар қонунга қарши бориб, жамоат тартибини бузди, деб айта олмайман”,- дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умурзоқ Асанов.

Маълум бўлишича, ўз уйларини тарк этишдан бош тортаётган аҳолига куч қўллаш, уйларига ўт қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

“Расмийлар бундай ҳаракатлар оқибатида қурбонлар берилиши мумкинлигини ўйламаслиги бизни ҳукумат чинакам ҳукуматми ёки жиноий тўдами, деган ўйга боришга ундайди”,- дейдиУмурзоқ Асанов.

Қозоғистондаги таниқли мухолифат вакили Маржон Аспандиёрова эса ҳукумат вакиллари содир этаётган тартибсизликлар, коррупция, оддий халқнинг мол-мулкини куч ишлатган ҳолда тортиб олиш каби ҳолатлар Н.Назарбоев яратган тизим маҳсули экани ҳақида гапиради.

Қозоғистон 2009 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш орзуси билан яшамоқда. Ҳукумат бу орзуга эришишда мамлакатнинг бой энергетика ресурсларига суянаётир. Аммо маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳукуматнинг бу умиди чиппакка чиқишига олиб келишини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG