Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:58

Халқ ўта толерант, аммо ҳукумат...


Дунёда Халқаро толерантлик куни нишонланаётган шу санада Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Отаева Ўзбекистон ҳукумат фуқаролик жамиятига тоқатсизлигини билдирмоқда.

Халқаро толерантлик куни ЮНЕСКО ташаббуси билан 1995 йилдан буён 16 ноябрда нишонланади. Толерант бўлмаслик дини, миллати, ирқи бошқаларга тоқатсизлик деганидир. Толерантлик эса бошқалар қарашлари, эътиқодига сабр-тоқат, бағрикенгликни англатади.

Надежда Отаева фикрича, толерантлик давлат ва фуқаролик жамияти ҳамда жамият аъзоларининг ўзаро муносабатлари даражасида ўрганилиши лозим. Толерант бўлмаслик ҳолатлари эса, асосан, давлат позициясига боғлиқ масаладир.

“Мен давлатнинг фуқаролар ташаббусига тоқатсизлиги ҳақида гапирмоқчиман. Масалан, мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мухолифатдаги партиялар вакиллари кўп йиллардан буён таъқиб қилиниб келиняпти. Ўзбекистон ҳукумати рус тилида сўзлашувчилар ҳуқуқларини ҳам кимситиб келмоқда. Ўзбекистонда нашр қилинаётган тарих дарсликлари кавказликлар ва рус тилида сўзлашувчиларни камситадиган даражада, кейинги йилларда бу мамлакатдан русийзабонларнинг учдан бири кўчиб кетганини шундан ҳам кўриш мумкин”,- дейди Надежда Отаева.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси сиёсий кенгаши аъзоси, тарихчи Акбаржон Орипов эса юқоридани фикрга қарама-қарши ўлароқ, Ўзбекистонда руслаштириш ҳамон давом этаётганини таъкидлайди. У давлат идораларида рус тили асосий сўзлашув тили бўлиб қолаётганини мисол сифатида келтиради.

“Боз устига, - дейди Андижон воқеалари билан боғлиқ равишда қўлга олиниб, 6 ой қамалиб чиққан Акбаржон Орипов, - Ўзбекистонда айнан ўзбекни камситиш сиёсати давом этмоқда ва буни ҳатто қамоқхоналарда кузатиш мумкин. Масалан, Тоштурмадаги назоратчиларнинг асосий қисми ўзбек эмас”.

Суҳбатдошлар айтганларидан келиб чиқиладиган бўлса, Ўзбекистон шароитида толерантлик давлатнинг ўз фуқароларига тоқатсизлигидир. Халқ эса фавқулодда толерант. Худди шу ўринда толерант сўзини “сабр-тоқатли”, деб таржима қилиш мумкиндир.

“Кўп ҳолларда айтилганидек, ўзбекни қўй даражасида деб бўлмайди, аммо миллатнинг ўз фикрини айтиш, уни ўтказиш имконияти йўқ. Миллатимиз толерант. Ўзининг қадрини ҳам билади. Лекин билгани билан уни муносиб жойига қўйиш имкони йўқ. Ҳукумат бунга йўл бермаяпти”,- дейди А.Орипов.
XS
SM
MD
LG