Линклар

logo-print

Портлашдан ким манфаатдор?

  • Гулнора Равшан

Тожикистон пойтахти Душанбедаги Ваҳдат саройида куни-кеча юз берган портлаш юзасидан ўтказилаётган тергов натижалари ва бу жиноят ортида ким турганлиги ҳанузга қадар номаълум қолмоқда.

Шунга қарамай, таҳлилчи ва сиёсатчилар бу борада турли тахминларни илгари сурмоқда.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси таҳлилий ахборот бўлими бошлиғи Ҳикматуллоҳ Сайфуллозода бу террорчилик ҳаракати мамлакат Олий кенгашининг Хўжанд шаҳрида ўтказилган тарихий йиғилишининг 15 йиллик юбилейини нишонлашга халақит бериш масадида амалга оширилган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“Айрим сиёсий кучлар мазкур тарихий сана тантанали нишонланишидан манфаатдор бўлмагани учун ўз норозилигини шундай йўл билан билдирди, деб ўйлайман. Ислом уйғониш партияси мамлакатда мавжуд сиёсий ва иқтисодий муаммолар юзасидан фикр билдириш учун барча минимал шароитлар етарли эканини маълум қилади ва ўз норозилигини зўравонлик ва жиноий йўллар билан изҳор этишни қоралайди”,- деди Ҳ.Сайфуллозода.

Тожикистон Олий кенгашининг бундан 15 йил муқаддам Хўжандда ўтказилган йиғилиши мамлакатнинг амалдаги президенти Имомали Раҳмонни ҳокимият тепасига олиб келган эди. 16 ноябрь куни Тожикистонда бу сана катта тантаналар билан нишонланди.

Мамлакатда байрам руҳи уфуриб турган кун арафасида амалга оширилган портлаш тўғрисида фикр билдираётган айрим сиёсий партиялар эса бу террор ҳаракати аҳолининг ночор турмуш тарзига эътироз эканини таъкидламоқда.

Тожикистон демократик партиясининг Маҳмадрўзи Искандаров қаноти раиси ўринбосари Раҳматулло Валиев портлаш юзасидан фикр билдирар экан: “Бу аҳолининг ночор аҳволи, инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани ва сўз эркинлиги бўғилаётганига норозилик белгисидир. Партиямиз зўравонлик ва терроризмга қаршидир. Аммо Тожикистон ҳукумати мамлакатда тинчлик барқарорлиги учун барча чораларни кўриши, энг аввало, аҳоли турмуш тарзини яхшилаши керак”,- деди.

Айримлар бу эса бу портлашнинг хориждаги илдизларини излашни маъқул кўрмоқда.

Мустақил кузатувчи Қосим Бекмуҳаммедов фикрича, октябрь ойида Душанбеда ўтган бир неча саммит Тожикистоннинг халқаро майдондаги обрўсини ошириб юборган ва бу мамлакатда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар учун хориждан сармоя келиши имкониятини кенгайтирган. Айни шу ҳолат Тожикистон ташқи душманларининг ғашини келтирган.

Бироқ у “ташқи душманлар” номини тилга олишдан ўзини тийди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари сўнгги йилларда Душанбеда рўй берган қатор террорчилик ҳаракатларида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларини айбламоқда.

Мазкур идораларнинг билдиришича, фақат жорий йил бошидан буён Тожикистон ҳудудида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг элликка яқин ва “Ҳизб ут-таҳрир” партиясининг эса ўнлаб аъзоси қўлга олиниб, турли жиноятлари учун қамоққа ташланган.

Бироқ таҳлилчи Абдуғаффор Камол ҳар қандай террорчилик ҳаракатини бу ташкилотлар зиммасига юклаш нотўғрилигини таъкидлайди.

“Барча террорчилик ҳаракатлари учун масъулиятни ЎИҲ ва ҳизбчилар зиммасига юклаш адолатдан эмас. Бошқа муҳимроқ гуруҳлар ҳам мавжудки, уларнинг асосий мақсади Тожикистон миллий хавфсизлигига зарба бериш ва аҳоли ўртасида иғво тарқатиш, бу билан мамлакатга сармоя ётқизиш жараёнини сусайтиришдир”,- дейди таҳлилчи.

Жорий йил июлида Тожикистон Олий суди биноси ёнида юз берган портлаш сабаблари ва унинг ортида ким тургани шу кунгача фош этилгани йўқ. Кузатувчилар Ваҳдат саройи ёнида амалга оширилган террорчилик ҳаракати ҳам фош этилмай қолиб кетишини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG