Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:21

Косовода сайлов бўлди


Сербиянинг БМТ бошқарувида бўлган Косово вилоятида парламент ва маҳаллий бошқарув кенгашларига сайлов ўтказилди. Бу тадбир халқаро ҳамжамият Косовонинг сиёсий мақоми борасида якуний қарор қабул қилишига бир ойдан кам вақт қолганида бўлиб ўтяпти.

Косоволиклар 120 ўринли парламент ва 30 ўринли маҳаллий бошқарув кенгашлари аъзолигига номзодлар учун овоз берди. Косово албанлари исёнкор ўлка мустақил давлат, деб эълон қилинишини хоҳлайди. Бироқ Сербия буни кескин рад этмоқда. Косовода яшовчи икки миллион аҳолининг атиги олти фоизини ташкил этган серблар эса сайловга бойкот эълон қилди. Косова аҳолисининг яна тўрт фоизини лўлилар, славян тилида сўзлашувчи мусулмонлар ва турклар ташкил этади.

Косово парламенти ва маҳаллий бошқарув кенгашларидаги ўринлар учун кураш, асосан, Косово демократик партияси ва Косова демократик лигаси ўртасида бормоқда.

Сўров натижалари партизан гуруҳларнинг собиқ раҳбарлари Ҳошим Тачи ва бош вазир Агим Чеку етакчилигидаги икки партиянинг бирортаси ҳам сайловчиларнинг кўпчилик овозини олишга муваффақ бўлмаслигини кўрсатган.

Айрим кузатувчилар фикрича, яқинда ташкил этилган "Янги Косово" алянси сайловда кутилмаган натижа кўрсатиши мумкин.

Сайловолди кампанияси давомида даъвогарлар фуқароларга мамлакатдаги 60 фоиз ишсизлар сонини камайтиришни ваъда қилди.

Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россия Косовонинг келажак мақоми борасида Белград ва Приштина расмийлари ўртасида давом этаётган музокараларга ҳомийлик қилмоқда. АҚШ Косово мустақил давлат бўлиши тарафдори. Бироқ Россия бунга кескин қарши чиқмоқда. Айни пайтда 10 декабрь куни якунланиши белгиланган музокараларда ҳозирча келишувга эришилгани йўқ.

Сайловга бойкот эълон қилган косоволик серблардан бири Милан Вейтич: “Бизнинг бу сайловда қатнашишимиздан мантиқ йўқ. Бу Сербиядаги сайлов эмас эмас, Косовадаги сайлов. Бу сайловда бизнинг қиладиган ишимиз йўқ”, – деди.

16 ноябрь куни Косово марази Приштинада “Рейтер” ахборот агентлигига интервью берган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Косоводаги миссияси раҳбари Тим Гулдиман Сербия ҳукуматининг сайловга бойкот эълон қилишга чақириғини танқид қилди.

“Биз овоз беришда қатнашмай, сайловга бойкот эълон қилиш ҳақидаги чақириқ Белграддан келгани, маҳаллий серб сиёсатчиларидан келганини яхши биламиз. Биз бу масалани ўрганамиз. Бу сайлов БМТ Хавфсизлик кенгашининг Косово юзасидан чиқарилган 1244 рақамли қонуни асосида БМТ махсус вакили ҳозирлигида ўтказиляпти”, – деди Тим Гулдиман.

Косоводаги сайлов жараёнини Европа кенгашининг 150 вакили кузатмоқда.
XS
SM
MD
LG