Линклар

logo-print

Косово сиёсатчилари мустақиллик масаласида якдилдир

  • Ҳасанжон

Сербиянинг БМТ бошқарувидаги Косово ўлкасида ўтказилган парламент ва маҳаллий бошқарув кенгашларига сайловда ғалаба қозонган Косово демократик партияси раҳбари Ҳошим Тачи бош вазир лавозимини эгаллаши кутиляпти.

Албан партизанлари гуруҳининг собиқ раҳбари Ҳошим Тачи сайловолди ташвиқоти давомида агар сайловда ғалаба қозонса, Косовонинг Сербиядан мустақиллигини эълон қилишини билдирганди. Унинг сайловда ютиб чиққани эса Косово ўз мустақиллигини бир томонлама эълон қилиши эҳтимолини кучайтирди.

Косово демократик партияси вице президенти Хайриддин Кучи ўз партияси ўлкага етакчилик қилишга тайёр эканини маълум қилди.

“Косово демократик партияси ўзгаришлар бўлиши учун астойдил ишлади. Афтидан, биз келаси тўрт йил давомида мамлакатга етакчилик қиладиган сиёсий партия бўламиз”, – деди Хайриддин Кучи.

Косово демократик партияси сайловда ғолиб чиққанига қарамай, партия якка ўзи янги ҳукумат ташкил эта олмайди.

Сиёсий таҳлилчиси Батон Ҳажининг “Озодлик” айтишича, Косово демократик партияси Косово демократик лигаси билан коалиция тузиши эҳтимолдан холи эмас.

“Менимча, ўтмишда рақобатчи бўлганига қарамай, КДП ва КДЛ коалиция тузади. Аввало, икки йирик сиёсий партия ўртасидаги келишувсиз ҳукумат тузилмайди. Бу келишув учта масала, яъни икки вазирлик лавозими - ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари, президентлик ва Приштинадаги маҳаллий ҳокимият борасидаги келишувга боғлиқ. Агар шу учта масала ҳал бўлса, қолган масалаларга осонликча ечим топилади”, – дейди таҳлилчи.

Албан сиёсий партиялари ўртасида келишмовчилик борлигига қарамай, мустақиллик масаласида уларнинг ҳаммаси якдилдир.

Шу боис, Европа Иттифоқи ўлка раҳбарларини бир томонлама Косово мустақиллигини эълон қилмасликка чақирмоқда.

ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги йиғилиши бошланишидан олдин Швеция ташқи ишлар вазири Карл Билдт Ҳошим Тачи бир томонлама қарор қабул қилиб, Косовани изоляция қилмаслиги кераклигини таъкидлади.

“Косова аллақачон Сербиядан мустақил бўлган. Мен Косово халқаро ҳамжамиятдан ҳам мустақил бўлишни хоҳлайди, деб ўйламайман. Косоволиклар ўз ватани НАТО томонидан ҳимоя қилиниши ва ЕИ Косовони ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини хоҳлайди. Мен Ҳошим Тачи уларни халқаро ҳамжамиятдан мустақил қилиб қўяди, деб ўйламайман”, – деди Швеция ташқи ишлар вазири.
XS
SM
MD
LG