Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:51

Қозоғистон ҳукумати Интернетни назорат қилмоқчи


Қозоғистон маданият ва ахборот вазири Ермуҳаммад Ертисбоев мамлакатда Интернет давлат бошқарувига муҳтож эканини маълум қилди, бироқ бу Интернетни тўла назоратга олиш, дегани эмаслигини билдирди.

Вазирнинг айтишича, сўнгги йилларда маҳаллий сайтларда шахс шаъни ва обрўсини ҳақоратлайдиган, шунингдек, порнография кўринишидаги кўплаб маълумотлар берилмоқда.

“Бу эса давлат илгари сураётган ғояга мутлоқо зид, шу боис ҳам биз юқоридаги каби маълумотларни Интернетда чоп этаётган қонунбузарларга нисбатан қаттиқ чоралар кўришни кўзлаяпмиз”,- деди Е.Ертисбоев.

“Инкар.инфо” Интернет радиоси лойиҳаси раҳбари Сергей Дуванов вазирнинг Интернетни давлат бошқарувига олиш ҳақидаги гапларини айнан Интернетни тўла назорат қилиш, деб тушуниш кераклигини таъкидлайди.

Унинг фикрича, ҳукуматнинг Интернетни назоратга олиш нияти остида президент Нурсултон Назарбоев ва собиқ куёви Роҳат Алиев ўртасидаги ахборот уруши ётибди.

“Р.Алиевнинг президентга қарши компроматларини маҳаллий мустақил ва мухолифатдаги газеталар орқали эълон қилишга чек қўйилгач, бунинг учун ягона имконият электрон ОАВ бўлиб қолди. Шунинг учун ҳукумат энди уларни ҳам тўла ёки қисман назоратга олишга қарор қилган. Бу эса гапга кўнмас сайтларнинг бошини эгдириш учун ягона чора”,- деди С.Дуванов.

Мустақил журналист Шариф Қуроқбоев эса қайнота-куёв ўртасидаги можарони ҳукумат кўзлаётган йўл билан жамоатчилик кўзидан яширишга уриниш иложсиз эканини билдирди.

“Ҳукуматимиз ҳозирги кунда ахборот билан курашмоқ мутлақо бефойда иш эканини тушуниб етмагани унинг Интернетни бошқариш бўйича самара бермайдиган қарорлар қабул қилишига олиб келяпти”,- деди Ш.Қуроқбоев.
XS
SM
MD
LG