Линклар

Ноқонуний истак қонундан устун келадиган замонмикин?

  • Ҳурмат Бобожон

http://jahon.mfa.uz/jahon_publish/const_rus_2.jpg Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси мамлакатда 23 декабрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловида қатнашиш учун расман рўйхатга олинган тўрт номзоднинг номини эълон қилди.

Номзодлар Ўзбекистоннинг қарийб 20 йиллик президенти Ислом Каримов, ҳукуматга буткул қарамлиги айтиладиган Халқ демократик партияси ва “Адолат” партияси раҳбарлари Аслиддин Рустамов ва Дилором Тошмуҳаммедова, парламентнинг қуйи палатаси демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидовдир.

Мухолифатдаги партияларга сайловда қатнашишга изн берилмади. Уларнинг раҳбарлари мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилинган.

Кейинги йил январи охирида 70 ёшни қаршилайдиган Ислом Каримов Ўзбекистонни 1989 йилдан буён бошқариб келади. Унинг сўнгги президентлик ваколати муддати шу йил январда ниҳоясига етгани айтилса-да, ҳокимиятни ҳеч кимга топширмагани етмагандек, яна президентликка даъвогарлик қилмоқда.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаров И.Каримовнинг учинчи муддатга номзоди кўрсатилаётганини қонунга хилоф ҳисоблайди.

“Конституцияда бир кишининг кетма-кет икки муддат президентлик қилиши мумкин эмаслиги аниқ ёзиб қўйилган”,- дейди ҳуқуқшунос.

И.Каримов номзодини илгари сурган Ўзбекистон Либерал демократик партияси ўз қарорини амалдаги президент 7 йиллик муддатга бир марта сайлангани, шунинг учун унинг номзодини яна бир марта қўйиш тўғрилиги билан изоҳлаганди.

Бахтиёр Шоҳназаров бу талқин нотўғри эканини айтади.

“Кетма-кет икки муддатга сайланиш дегани, беш йил бўладими, етти йил қилиб ўзгартириладими, 8,5 йил бўладими, 9 ой 2 кун бўладими, эътиборга олинмасдан, икки муддат эканини билдиради. Бу одам авваллари беш йилгами, 7 йилгами сайланган экан, икки муддатни ўтади. Шунинг учун унинг учинчи муддатга номзоди кўрсатилиши қонунга хилофдир”,- деди Б.Шоҳназаров.

Ҳозирча Ўзбекистон МСК И.Каримов қайси қонунга асосан учинчи муддатга ҳам номзод этиб кўрсатилгани сабабини ойдинлаштирмади. Бу ҳақдаги мурожаатлар эса одатдагидек жавобсиз қолмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянсининг икки аъзоси И.Каримовнинг номзодини учинчи муддатга президентликка кўрсатиб, ЎзЛДП қонунни бузгани юзасидан Бош прокуратура ва Олий судга мурожаат этганди.

“Қонун бузилганда Бош прокуратура бунга қарши чора кўриш ваколатига эга. Аммо Ўзбекистон Бош прокуратураси сайлов юзасидан ҳозиргача бирор баёнот билан чиққани йўқ. Ўзбекистонда қонунлар ёзилганидан кўра бошқачароқ талқин қилинадиган вазият юзага келган, шекилли”,- дейди Б.Шоҳназаров.
XS
SM
MD
LG