Линклар

“Самарқанд иконалари” Москвада


Москвада 21 ноябрь куни “Самарқанд иконалари” номли ғайриоддий кўргазма очилади. Бир ҳафта давом этадиган ушбу кўргазмада ўзбекистонлик мусаввир Шуҳрат Абдумаликовнинг санъат асарлари намойиш этилади.

Ш.Абдумаликов “Озодлик” билан суҳбатда Москвада намойиш этилаётган ишлари фақат нафис санъат жанридаги асарлар эканини маълум қилди.

“Кўргазмадан нафис санъатнинг янгича талқинидаги ижодий ишларим ўрин олган. Мен кейинги пайтда янги услубда изланишлар олиб бордим. Инжилда мавжуд воқеа ҳодисаларни Қуръони Каримдаги образлар билан таққослаган ҳолда ижод қилдим. Айни таққослаш натижасида шарқона услубда, яъни сўфизм йўналишидаги образлар дунёга келди”,- дейди рассом.

Унинг сўзларига кўра, Инжилдаги “Юсуф ва унинг акалари” воқеасини шарқона услубда тасвирлаган.

“Бу услуб турли хил йўналишларнинг синтези натижасида вужудга келди. Булар орасида миниатюра жанри ҳам бор. Ёки қадимги Византиядаги маҳобатли ранг тасвир асарларининг ҳам таъсирини сезиш мумкин. Қолаверса, рассомликнинг замонавий услублари саналмиш авангард ва абстракт йўналишларидаги турли техника оқимларидан ҳам фойдаланганман. Шу каби ранг-тасвир оламида мавжуд бўлган уч-тўртта услубни қўллашим натижасида янги талқиндаги асарларим вужудга келди”,- деди Ш.Абдумаликов.

Москвадаги “Самарқанд иконалари” кўргазмасидан муаллифнинг айни жанрдаги асарлари ўрин олган.

“Мен асли Самарқандданман. Шарқнинг марвариди ҳисобланмиш қўҳна Самарқанднинг ноёб архитектура ёдгорликлари, ранглар уйғунлигини ўзида акс эттирган бетакрор гумбазу обидаларидан илҳомланиб ижод қиламан. Одамларни ўзига тортадиган, ўйлантириб, фикр қилишга чорлайдиган бир номни ўйлаб топдим ва кўргазмани “Самарқанд иконалари” дея номладим. Албатта, бу аслида мантиққа тўғри келмайди. Лекин санъатда чегараланиш бўлмаслигини унутмаслигимиз керак. Бу ерда рамзий маъно бор. Насронийларнинг қадимги икона санъати билан Шарқнинг миниатюра санъатини уйғунлаштирганим учун кўргазмамни шундай номлашга қарор қилдим”,- деди Ш.Абдумаликов.

У Ўзбекистонда асарлари тушунилмаслигидан хавотирда бўлгани, аммо улар жуда яхши қабул қилинганини мамнуният билан таъкидлади.

Шуҳрат Абдумаликовнинг асарлари кўпроқ портрет жанрида яратилган.
Санъатшунослар фикрича, рассом асарларининг қаҳрамонлари унсиз. Уларга худди ҳозир жон кириб кетадигандек туюлади. Бунинг самараси ўлароқ, томошабин ва тасвир ўртасида мулоқот пайдо бўлади. Тасвир ўзининг статиклиги билан томошабинни гўё ўзининг ички дунёсини зиёрат қилишга имкон яратади, аммо шу пайтнинг ўзида тасвирдаги қаҳрамоннинг ўзи томошабинни ўрганаётгандек тасаввур пайдо бўлади.

Санъатшунос Қамариддин Ортиқов Ш.Абдумаликов ўзининг янги асарларида ўзбек миллий санъатини Европа санъати билан уйғунлаштирганини таъкидлади.

“Самарқанд иконалари” туркумида яратилган асарларида насроний худолари образи акс этмайди. Бу ерда ўзбек мифологик образлар уйғунлиги кўзга ташланади. Унинг айни кўринишдаги ижоди таҳсинга лойиқ. Ҳар ҳолда бугунги кунда ўзбек миллий рассомлик санъатида бунақа даражада ишлар йўқ”,- деди Қ.Ортиқов.

Ўзбекистонда Шуҳрат Абдумаликов шу пайтгача театр рассоми сифатида танилган эди. Марказий Осиёда у билан ишламаган бирорта ҳам эътиборли режиссёрнинг ўзи йўқ.

Шуҳрат Абдумаликов 12 йилдан буён Тошкентдаги Рассомлик ва дизайн институтида театр саҳна безаги бўлимида фаолият кўрсатиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG