Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:13

А.Шарафутдинов Жаслиқни сайёҳлик мажмуига айлантиргани ҳақида


БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасида бўлиб ўтган тингловларда Жаслиқ қамоқхонаси сайёҳлик мажмуига айлантирилгани ҳақида баёнот бериб Ўзбекистон расмийлари кулгуга қолди.

9-12 ноябрь кунлари қўмитада Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар қўлланилишига оид тингловлар бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон расмийлари қўмита экспертларининг гувоҳлар кўрсатмалари, фотосуратлар ва бошқа далилларга асосланилган саноқсиз саволлари остида қолди. Шу боис, улар саволлар жавоби учун уч кун муҳлат сўради.

Қўмита йиғилишида иштирок этган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Васила Иноятова Ўзбекистон ички ишлари вазири ўринбосари Алишер Шарафутдинов бошчилигидаги делегация уч кунлик тайёргарликдан кейин берган жавоблар ҳам БМТ экспертлари энсасини қотирар даражада асоссиз бўлгани, бу жавоблар жиддий қабул қилинганига ишонмаслигини билдирди.

“Қўмита экспертлари Ўзбекистон расмийларига 112 та савол киритди. Саволларнинг ҳаммасида конкрет фактлар, ҳолатлар тилга олинган ва изоҳ сўралган эди. Ўзбекистон расмийларининг уч кунлик тайёргарликдан кейин берган жавоблари, тўғрисини айтганда, Ўзбекистон конституцияси ва бошқа қонунларидан иқтибос келтиришдан нарига ўтмади. Бу йиғилганларнинг шунчаки кулгусига сабаб бўлди, холос”,- деди В.Иноятова.

В.Иноятова сўзларига кўра, қўмита маърузачиси Гаэр хонимнинг “Ўзбекистон қамоқхоналарида 5 йилда бир марта текширув ўтказилиши билан қамоқхонада ижобий ўзгаришга эришиш мумкин эмас-ку, наҳотки, бир йилда бир марта текширув ўтказиш мумкин бўлмаса?” деган саволига А.Шарафутдинов берган жавоб, айниқса, кулгуга олинган.

“Алишер Шарафутдинов: “Ўзбекистон қамоқхоналари халқаро стандартларга жавоб беради. Жаслиқ қамоқхонаси эса сайёҳлик мажмуига айлантирилган”, деб жавоб берди. Йиғилиш иштирокчилари бундай жавобдан кулиб юборди, биз эса юзимизни қаерга беркитишни билмай қолдик. Бу жавоб делегация раҳбарларининг эмас, балки Ўзбекистон ҳукумати жавоби сифатида янгради-да! Аслида бундай гапдан ўзбек амалдорлари мулзам бўлиши керак эди”,- деди В.Иноятова.

Шунингдек, Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш ва панжара ортидаги шароитни яхшилаш, жазони ижро этиш тизимини либераллаштириш йўлида ҳукумат амалга ошираётган ишлар санаб ўтилган расмий ҳисобот тақдимотида А.Шарафутдинов “қийноқлар қўллагани учун ҳуқуқ-тартибот органларининг 20дан ортиқ ходими устидан турли даражадаги жиноят ишлари қўзғатилгани”ни билдирган. Қўмита маърузачиси ўша заҳотиёқ ўзбек расмийсини саволга тутган.

“Қўмита маърузачисининг айнан кимлар устидан жиноят иши қўзғатилгани, уларга қандай чора кўрилгани, улардан жабр кўрган мазлумларнинг ҳаққи қандай ундирилгани, уларга кўрсатилган маънавий зарар қопланган-қопланмагани тўғрисидаги саволларига расмий делагация аъзолари жавоб бера олмади. Чунки 2002 йилдан буён қийноқларнинг олдини олиш бўйича бирорта жиддий иш қилингани йўқ. Шунинг учун Женевадаги йиғилишда улар яна шармандагарчиликка юз тутди”,- деди В.Иноятова.

БМТ қийноқларга қарши қўмитасининг Женевада ўтган тингловларига “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти билан бирга Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси тайёрлаган ҳисоботлар тақдим қилинган эди. Бу ҳисоботлар ва Ўзбекистон расмийлари берган жавоблар юзасидан қўмитанинг якуний хулосаси 24 ноябрь куни эълон қилиниши айтилган.
XS
SM
MD
LG