Линклар

logo-print

О.Орипов: “Конституцияда кўзда тутилмаган одамга овоз бериш ҳам жиноятга шерикликдир”

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов президент сайловида иштирок этиш учун расман рўйхатга олинган номзодларнинг ҳуқуқий жиҳатдан лойиқ-нолойиқлиги таркибида ҳуқуқшунослар бўлган иккита ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

Номзодлар орасида Ўзбекистонни қарийб 20 йлдан буён бошқариб келаётган амалдаги президент Ислом Каримов ҳам бор.

Мустақил ҳуқуқшунослар, жумладан, Бахтиëр Шоҳназаров И.Каримовнинг президент сайловида қатнашиш учун номзод сифатида учинчи маротаба рўйхатга олинишини жиноят, деб таърифлади.

Ўзбекистон конституциясига кўра, бир шахс икки муддатдан ортиқ президент лавозимини бажариши мумкин эмас.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти томонидан конституция талаблари бузилиши мухолифатнинг турли қатламларида норозиликларга сабаб бўлди.

МСК раиси М.Абдусаломов нега конституциядаги чекловга қарамай, И.Каримов учинчи маротаба номзод бўлганига изоҳ бермади.

“Изоҳ бермайдиям. Ҳозир Ўзбекистонда қонун йўқ, президент Каримовнинг иштаҳали истаклари қонун ўрнида ишлайди,- дейди Ўзбекистонинг собиқ адлия вазири Бобур Маликов. – Мана, масалан, марҳум Ҳайдар Алиев Озарбойжон президенти бўлишидан олдин конституциядаги чекловларни хўжакўрсинга бўлса ҳам олиб ташлади. Каримов эса конституцияга тупурди”.

“Бирлик халқ ҳаракати” парияси раиси ўринбосари Пўлат Охунов ҳам партия И.Каримов номзоди учинчи муддатга қўйилганига “салбий қарашини, бу қонунсизлик” эканини билдирди.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов эса “бу ҳаракати билан И.Каримов ва МСК Ўзбекистон Жиноят кодексида белгиланган жиноят содир этган”и, И.Каримов МСКни “жиноий органга айлантиргани”ни таъкидлади.

“Ўзбекистон конституциясида кўзда тутилмаган кимсага овоз бераëтган сайловчилар ҳам бу жиноятга беихтиëр шерик бўлади”,- деди О.Орипов.

И.Каримовнинг 18 йиллик бошқаруви пайтида ўзбекистонлик юз минглаб фуқаролар мамлакатни ташлаб, чиқиб кетди. Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилаëтганлар сони расмий манбаларда 700 минг, норасмий манбаларда эса 3 миллиондан зиëд экани айтилади.

Москвалик мардикор аёл Фароғат мамлакат ташқарисидаги мардикорлар ҳам И.Каримовнинг қайта сайланишига қарши эканини билдирди.

“Путинга ҳамма қол-қол, деса ҳам қонунни ҳурмат қилиб, ўрнини бўшатиб беряпти. Каримов бўлса ўз билганини қиляпти. Агар яна Каримов қоладиган бўлса, Россия даштларида яна узоқ қолиб кетадиган бўлдик. Чунки Каримов бу қашшоқлик ва ишсизлик, деганидир”,- деди Фароғат.

Ўзбекистоннинг ичида ҳам И.Каримов номзодига қаршилар истаганча топилади.

Айни пайтда ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир гуруҳи МСК ва И.Каримовни халқаро судга тортиш ҳаракатини бошлаб юборди.

“Биз МСК ва И.Каримов қилган жиноят юзасидан Бош прокуратурага ëзма мурожаат қилдик. Аммо мактубимиз қайтиб келди. Энди халқаро судга арз қиламиз. Давлат бўлганидан кейин қонунга риоя қилиниши керак”,- деди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғли.

И.Каримов номзоди Либерал демократик партия томонидан илгари сурилган. У билан бир қаторда Халқ демократик партиясидан (собиқ Ўзбекистон ССР Компартияси) Аслиддин Рустамов, “Адолат” партиясидан Дилором Тошмуҳаммедова ва сайловчилар ташаббус гуруҳидан Акмал Саидов ҳам сайлов пойгасига тиркалган.

МСКнинг билдиришича, “Миллий тикланиш” ва “Фидокорлар” партиялари кўрсатган номзодлари учун сайловчилардан етарли миқдорда имзо тўплай олмаган. Шунинг учун бу икки партия сайловолди пойгасидан чиқариб юборилган.
XS
SM
MD
LG