Линклар

Топшириқ бошқа, имконият бошқа

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳукуматнинг навбатдаги мажлисида мамлакат энергетикларига аҳоли учун бериладиган электр қувватининг лимит соатини узайтиришни буюрди.

Аммо мамлакат энергетика тизими масъуллари Тожикистонда электр қуввати захиралари чекланганлиги боис, бундай имконият йўқлигини таъкидламоқда.

“Барқи тожик” очиқ акциядорлик компанияси бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гулов етти миллионлик аҳолига лимит соатларини кунига бир соат узайтириш учун мамлакат ички захиралари етмаслигини билдирди.

“Ички захиралар президент топшириғини бажариш имкониятини бермайди. Бу йил Қирғизистондан электр энергияси умуман экспорт қилинмайди. Туркманлардан олиниши режалаштирилган электр қуввати Ўзбекистон электр энергияси узатиш тизимларининг тўла таъмирланмагани сабабли бу яқин кунларда бизгача етиб келмайди. Ўзбекистондан олинадиган 600 миллион киловатт соат электр энергияси эса 2008 йил бошидан бошлаб узатилади. Ҳозирда биз фақат ўз захираларимиз ҳисобидан саноат корхоналари ва аҳолини электр энергияси билан таъмилаб турибмиз. Ички захираларимиз чекланган. Шунинг учун лимит соатларини яна бир соатга узайтириш имкони йўқ”,- деди Рашид Гулов.

Унинг айтишича, фақат бошқа фойдаланувчилар, жумладан, нонвойхона, сомсахона, ошхона каби хусусий корхоналар ҳисобидангина лимит соатларини узайтириш мумкин.

“Шунингдек, электр энергиясига танқислик сезилган пайтда давлатга тегишли айрим саноат корхоналари ёнилғининг бошқа турлари, масалан, кўмирдан фойдаланиши буюрилган. Бундай корхоналар топшириқни бажарсагина лимит соатларини узайтириш имконият пайдо бўлади”,- деди Рашид Гулов.

Айни кунларда мамлакатнинг айрим туманларида маҳаллий аҳоли кунига атиги 2 соат мобайнида электр энергиясидан фойдаланиш имкониятига эга, холос. Тоғли ҳудудларда эса аҳвол янада ёмон.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳукумат йиғилишида “Сангтўда-1” ва “Сангтўда-2” ГЭСлари қурилиши тезлатилишини ҳам талаб қилган.

“Сангтўда-2” қурилишини давом эттираётган эронликлар обьектни муддатидан илгари топшириш имконияти йўқлигини айтмоқда.

“Сангтўда-1”ни қураётган Россия энергетиклари эса декабрь ойи охирларида иншоотнинг биринчи агрегати ишга туширилишини ваъда қилаётир.
XS
SM
MD
LG