Линклар

Украиналиклар кўмир конларидаги техника хавфсизлигидан норози.

  • Ҳасанжон

Украинанинг Донецк вилоятидаги кўмир конида якшанба куни газ портлаши оқибатида қурбон бўлганлар сони 89га етди. Бу мустақил Украина тарихида кўмир конида рўй берган энг мудҳиш фалокат экани айтилмоқда. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Украина конларида хавфсизлик билан боғлиқ вазият қай томонга ўзгарди?

Донецк вилоятидаги кўмир конида содир бўлган портлаш пайтида ўлганлардан биринчиси 20 ноябр куни дафн қилинди. Украинада мотам деб эълон қилинган кунда Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги авария оқибатида ўлганлар сони 89тага етгани, 356 кончи эвакуация қилингани, 28 нафари касалхонага ётқизилгани улардан бирининг аҳволи оғир эканини билдирди. Портлашдан кейин йўқолган ўн икки кончини қидириб топиш ишлари давом этмоқда.

Украина президенти Виктор Юшченко маҳаллий раҳбарларни жабрланган одамларга ёрдамни кучайтириш ва авария сабабларини ўрганишга чақирди:

“Энг муҳим вазифа авария оқибатларини камайтириш учун саъй ҳаракат қилиш. Кейинги вазифа касалхонада даволанаётган одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун бор имкониятни ишга солишдир. Учинчи муҳим масала авария сабабини имкон қадар тез фурсатда билишдан иборат” – деди Украина президенти.

Украина кўмир конида авария кўп юз бериши бўйича дунёда Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Кончилар ва уларнинг яқинлари Донецк шаҳри яқинидаги Засядко конида рўй берган портлаш учун маҳаллий раҳбарлар масъул эканини айтмоқда. Чунки, улар фикрича раҳбарлар хавфсизлик вазиятини яхшилаш учун конларда жуда кам чора кўрилган.

Украинадаги мустақил касаба уюшмалари раиси Михайло Волинец гапиради:

“Агар ҳукумат ўз вазифасини сидқи дилдан бажарганида, саноатдаги вазиятни назорат қилиб турганда, бу каби аварияларнинг олди олинган бўларди. Кон директорлари ва бошқарувчилари орасида коррупция тарқалгани ва ўз вазифаларига масъулиятсизлиги боис авариялар рўй беряпти” – дейди Михайло Волинец.

Совет Иттифоқи даврида Украина кўмир конларида ишлаган Микола Сурхай 1991 йилда Иттифоқ парчаланганидан кейин Украина конларида техника хавфсизлиги вазияти ёмонлашганини айтади:

“Бу ерда қарор саволлар бор. Янги конлар қуриш керак. Янги техника бериш керак. Техника хавфсизлиги учун маблағ ажратилиши керак. Кўмир ва бошқа саноатни назорат қилувчи қонунлар бор эди. Барча назорат қилувчи органлар техника хавфсизлиги бўйича ушбу қонун доирасида иш юритарди. Уни бажариш ҳамма учун мажбурий эди” – дейди украиналик собиқ кончи.

Якшанба кунги авариядан кейин Украинадагилар чуқур қайғуга ботди. Кўпчилик кўмир қазиб чиқаришни тўхтатишга чақирди.

Украиналик мустақил журналист Сергей Хармаш пулга тўймас расмийлар устивор мақсадидан воз кечмагунча кончилар халок бўлаверади, деди:

“Агар бу конда иш тўхтатилмаса, одамлар халок бўлаверишига ишончим комил. Одамлар қурбон бўлганига қарамай, улар бундан ўзларига хулоса чиқармаган. Мана яна авария юз берди. Агар чора кўрилмаса, одамлар ўлаверади. Бу шундай давом этаверади. Чунки раҳбар деб аталмиш бошлиқларимизга одам ҳаётидан кўра пул муҳимроқ” – деди украиналик мустақил журналист Сергей Хармаш.
XS
SM
MD
LG